Линклар

logo-print

“Труд” ва “АиФ”нинг айби нима?


Феруза Интернетда эълон қилинаётган айрим мақолаларда Россиянинг Ўзбекистонда қайта чоп этиладиган “Труд” ва “Аргументы и факты” (АиФ) газеталарига эътирозлар билдириляпти.

Мазкур мақолаларда ёзилишича, гарчи бу газеталар Россия газеталари ҳисобланса-да, улар маҳаллий матбуот тусини оляпти. Уларда Ўзбекистон сиёсати, юқори мансабли амалдорлар мадҳ қилиняпти, саҳифаларида маҳаллий реклама ва эълонларга кенг ўрин бериляпти.

“Озодлик” мухбири мана шу каби эътирозларга муносабат сўраб, дастлаб “АиФ”ни Ўзбекистонда нашр этишга мутасадди бўлган Галина Костиковага мурожаат қилди.

У эътирозлар ўринсиз экани, газета Россияда қандай чоп этилса, Ўзбекистонда ҳам шундай нашр этилиши, фақат газетадаги Россияга оид эълон ва рекламалар ўрнига Ўзбекистонники жойлаштирилишини билдирди.

Г.Костикованинг айтишича, Ўзбекистонда “АиФ”нинг ваколатхонаси йўқлиги сабабли бу мамлакат ҳаёти газетада ёритилмайди. Шунингдек, газетага иловалар ҳам нашр қилинмайди. Реклама ва эълонлар эса маҳаллий реклама берувчилар билан тузилган шартномалар асосида чоп этилади.

“Труд” газетасининг Ўзбекистондаги таҳририяти масъули Валерий Бирюков мавзу юзасидан мулоқот қилишни истамади.

Шундан сўнг “Озодлик” мухбири “Труд”нинг Москвадаги бош таҳририятига – газетанинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Вероника Кирсановага мурожаат қилди.

“Газета ўзининг Ўзбекистонадаги нашрида маҳаллий шароитларни ҳисобга олиши ва маҳаллий қонунчиликка риоя қилиши лозим. Унда қисман марказий нашрдаги, қисман маҳаллий ҳаётга оид мақолалар берилади. Собиқ совет республикаларининг барчасида “Труд”нинг маҳаллий иловалари бор. Шунинг учун маҳаллий нашрда газета ўз фаолиятини қайсидир маънода мувофиқлаштиради”, - деди В.Костикова.

“Труд”нинг Москвадаги ходимларидан бири газета Ўзбекистондаги сиёсатга аралашмасликни маъқул кўриши, чунки асосий мақсад бу ерда ўз ўқувчиларига эга бўлиш эканини билдирди. Унинг айтишича, бу йўл ҳозирги шароитда энг тўғри йўлдир.

“Бизга Ўзбекистондаги сиёсий урушлар керак эмас, Россиядагиси ҳам етиб-ортади”, - деди у.

Маҳаллий кузатувчи Баҳодир Чиғатой “Труд” газетасида сўнгги вақтларда чоп этилаётган буюртма мақолалар унинг нуфузига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлади.

Мустакил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, “Труд” ва “АиФ”га билдирилаётган эътирозлар у қадар асосли эмас. Чунки Ўзбекистоннинг ички ишига аралашишга бу газеталарда қизиқиш йўқ. Аслида Ўзбекистон ҳаётига ҳаққоний баҳо беришни хорижий ОАВдан эмас, аввало, маҳаллий матбуотдан, журналистлардан кутиш керак.
XS
SM
MD
LG