Линклар

Ўн йиллик танаффусдан кейин қирғовул овига рухсат берилди


Ҳакимбек Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ов мавсуми, асосан, августдан январь ойигача давом этади. Ҳар бир вилоятда ов қилинадиган махсус ҳудудлар бўлиб, уларнинг умумий майдони бир миллион гектарга яқиндир.

Ўзбекистон овчилар ва балиқчилар иттифоқи овчилик бўлими бошлиғи Георгий Нарменнинг сўзларига қараганда, мамлакатда чўлларда қуён, тоғли ҳудудларда тоғ эчкиси, тўнғиз, каклик, кўлларда сув қушлари овланади. Қушларнинг миграция йўлида жойлашгани сабабли Ўзбекистонда сув бўйларида яшовчи қушлар кўп бўлади. Ҳукумат ўн йиллик танаффусдан кейин бу йилдан қирғовул овлашга ҳам лицензия бера бошлаган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда илгари кўнгилли овчилар сони 60 мингдан ортиқ бўлган. Ҳозир эса овчилар ва балиқчилар иттифоқи аъзолари сони 20 мингтани ташкил этади.

Иттифоқ ходими Баҳодир Абдуллаев кўнгилли овчилар орасида талабалар, оддий ишчилар, пенсионерлар, вазирлар, турли даражадаги амалдорлар борлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳудудида қадимда овчилик билан ҳукмдорлар ва беклар кўнгилочар машғулот сифатида, оддий аҳоли эса тирикчилик мақсадида шуғулланган.

Фанлар академияси Зоология институти ходими Евгений Лановенконинг билдиришича, мамлакатда замонавий овчилик иқтисодий сабабларга кўра тўхтаб қолмоқда, бироқ анъанавий овчилик давом этяпти. Ўзбекистонда ов қушлар оламига зарар келтирадиган даражада олиб борилаётгани йўқ. Ов мавсуми қонун билан чегараланган. Қолаверса, овчилик қиммат турдаги ҳордиққа айланган. Масалан, ҳозир битта ўқ 550 сўм туради. Шунга қарамай, тўр билан каклик ёки бедана овлаш сақланиб қолган.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган бир мутахассиснинг таъкидлашича, илгари Ўзбекистонга хорижликлар ҳам ов қилишга келиб турган. Италияликлар Арнасой ҳавзасида ўрдак овлаган бўлса, французлар Оролбўйида ғоз отган. Аммо кейинги пайтда улар сони анча камайган. Мамлакатда хорижликлар учун ов ташкил этиш хизмати йўлга қўйилмагани бунга сабаб бўлган.

Ўзбекистонда ов мавсумидан ташқари ёки “Қизил китоб”га киритилган жониворларни ов қилиш тақиқланган. Масалан, қор қоплонини овлагани учун Ўзбекистон фуқаросига энг кам иш ҳақининг 500 баробари, хорижлик фуқарога эса 40 минг АҚШ доллари миқдорида жарима солинади.

Г.Нарменнинг эътирофича, Ўзбекистон ҳайвонот оламига овчилардан кўра бошқа инсоний омиллар кўпроқ салбий таъсир кўрсатяпти. Тўқайлар кесилиши, тупроқнинг шўрланиши, турли иншоотлар қурилиши кўплаб жониворларнинг қирилиб кетишига олиб келяпти. Баъзи жониворлар фақат давлат қўриқхоналаридагина сақланиб қолган, холос.
XS
SM
MD
LG