Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:26

Хоразмнинг қаҳратон қиши


Бу йил Хоразмда қиш одатдагидан қаттиқ келмоқда. Маълум бўлишича, сўнгги ҳафтада ҳаво ҳарорати ўта паст бўлгани туфайли вилоятдаги болалар боғчалари ва мактаблар ёпилган.

Вилоят гидрометеорология бошқармаси бошлиғи Ойбиби Қўчқорованинг сўзларига қараганда, январнинг охирги кунларида Хоразмда ҳаво ҳарорати меъёрдан 3-8 даража паст бўлган. 28-30 январь кунлари эса ҳарорат меъёрдагидан 10-13 даража тушиб кетган. Вилоятда шу кунлари ҳаво 16-19 даражагача совуқ бўлган. Сўнгги тўрт йилда ҳаво ҳароратининг бунчалик паст бўлиши кузатилмаганди.

Хоразмликлар қишнинг қаҳратонидан қаттиқ азият чекмоқда. Айниқса, мактаблардаги аҳвол ниҳоятда ачинарли. Хоналар совуқ, ўқувчилар қалин кийимда ўтиришга мажбур бўлмоқда.

Сўнгги кунларда вилоятдаги барча мактабларда фақат юқори синф ўқувчиларигина дарсга қатнамоқда. Маълум бўлишича, вилоят ҳокимининг фармойишига кўра, ҳавонинг кескин совиб кетиши муносабати билан умумтаълим мактабларининг 1-7 синф ўқувчиларига 28 январдан бошлаб вақтинчалик таътил берилган. Хоразмдаги деярли барча болалар боғчалари вақтинчалик ёпилган. Вилоят халқ таълими бошқармаси эса мазкур таътил давомида қолдирилган дарс соатларини баҳорги таътил ҳисобидан қоплашни режалаштирган.

Хоразмнинг аксарият туманларида 4-5 йилдан буён табиий газ умуман йўқ ёки босими жуда паст. Бу йилги қиш эса аҳолини янада қийин аҳволга солиб қўйди. Ҳатто Урганч шаҳрида ҳам газ етишмовчилиги юзага келди.

Хоразмликларнинг аксарияти газ келишидан бутунлай умидини узиб бўлган. Уларнинг айтишича, кўмир йўқ, ўтин ҳам етмаётир. Кишилар дарахтларни ҳам кесиб ёқмоқда.

Қиш қаҳратони аҳоли ўртасида турли касалликлар кўпайишига сабаб бўляпти. Айниқса, ёш болалар ўртасида грипп кенг тарқаляпти.

Хабарларга қараганда, йўллар музлагани сабабли вилоятнинг кўплаб қишлоқларига автобус қатнови тўхтатилган.

Вилоят об-ҳавони кузатиш марказидан олинган маълумотга кўра, Хоразмда февраль ойида ҳам ҳаво ҳарорати паст бўлиши кутиляпти. Ойнинг бошида ва охирида кечалари 1-6 даража совуқ, кундузи 0-5 даража илиқ бўлиши, қолган кунлари кечаси 12-17 даражадан 18-23 даражагача, кундузи 0-5 даражадан 11-16 даражагача совуқ бўлиши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG