Линклар

logo-print

Ваъдага вафо марднинг иши


Тўлқин Хабарларга қараганда, Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашув чоғида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев мамлакатда ўлим жазоси бутунлай бекор қилинишига ваъда берган.

1 февраль куни Брюсселда Ўзбекистон ва ЕИ делегациялари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда асосий эътибор томонларнинг ўзаро сиёсий, иқтисодий ва савдо муносабатларини ривожлантиришга қаратилди.

Мазкур учрашувдан сўнг ЕИ раиси вазифасини бажарувчи Люксембург ташқи ишлар вазири Жан Ассельборн С.Сафоев Ўзбекистонда ўлим жазоси бутунлай, жиноятнинг барча турлари учун бекор қилинишига ваъда берганини маълум қилди.

Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чекунова бундай ваъда берилишига Халқаро амнистия ташкилотининг ЕИ раҳбариятига 28 январь куни йўллаган мактуби туртки бўлганини таъкидлади.

ЕИ раиси вазифасини бажарувчи Жан Ассельборн номига йўлланган мазкур мактубда қуйидаги сўзлар бор: “Халқаро амнистия ташкилоти Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукумати делегацияси билан бўлиб ўтадиган музокараларда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳам муҳокама қилиниши кафолатланишини сўраб мурожаат этмоқда. Шунингдек, биз ЕИ дан Ўзбекистонни ўлим жазосини бекор қилиш борасида жиддий қадамлар қўйишга чақиришни сўраймиз. Ўзбекистонда ўлим жазоси мамлакатдаги жиноятчи суд тизимининг ёмон оқибати сифатида намоён бўлмоқда”.

ЕИ раҳбарияти Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида яқинда айтган гапларига ишонишини билдирди.

И.Каримов Олий Мажлис палаталарининг 28 январдаги қўшма мажлисида Ўзбекистон бир неча йиллардан буён шу масалани ҳал этиш устида иш олиб бораётгани, Жиноят кодексининг ўлим жазоси кўзда тутилган моддалари сони қисқартириб борилганини таъкидлаганди. Шунингдек, у ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш учун 2-3 йил вақт кераклиги, бу даврда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиши лозимлигини айтганди.

Халқаро амнистия ташкилотининг ЕИ раҳбариятига йўллаган мактубида эса Ўзбекистон Жиноят кодексидан ўлим жазоси “геноцид” ва “агрессия” учун олиб ташлангани хўжакўрсинга экани, чунки бу моддалар ҳеч қачон қўлланилмагани билдирилади.

Ўлим жазосига ҳукм этилган маҳбус Искандар Худойбергановнинг синглиси Дилобар Худойберганованинг сўзларига қараганда, ҳозир ўлим жазоси бекор қилинишини бир неча йил кутиш эмас, балки ҳозирданоқ унга мораторий эълон қилиш керак. Чунки ўлим жазоси бекор бўлгунча анча-мунча бегуноҳ кишилар қатл этилиши мумкин.

Т.Чекунованинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида ЕИ га ваъда берган бўлса-да, аниқ муддатни айтмаган.
XS
SM
MD
LG