Линклар

Руминиядаги сиёсий элита уюштирган ов атроф-муҳит ҳимоячилари танқидига учради

  • Ҳасанжон

Руминия ҳукумати яқинда бир ов пайтида 200га яқин тўнғиз отиб ўлдирилгани юзасидан текширув ўтказмоқда. Маълумотларга кўра, ўша овда Руминия собиқ Бош вазири ҳамда таниқли Ғарб компаниялари бошлиқлари бўлган. Атроф-муҳит ҳимоячилари мазкур овни “қирғин” дея атаб, воқеа юзасидан текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.
“Тоза табиат” рукнининг бугунги сонида мана шу мавзу тафсилотлари билан танишиш имкониятига эга бўласиз.



Руминия Қишлоқ хўжалик вазирлиги биргина овда 185та тўнғиз отиб ўлдирилгани юзасидан текширув бошлади.

Бу овни Руминиянинг катта бойларидан бири, мамлакат Олимпия қўмитаси собиқ раҳбари, ҳозирда йирик тадбиркор Ион Тиряк уюштирган. Германиялик машхур теннисчи Борис Бейкернинг собиқ тренери Тиряк Руминиянинг “Балк” номли ов майдонида ов қилиш учун ўтган ҳафта охирида овга 30га яқин меҳмон таклиф қилган. Улар орасида мамлакат собиқ Бош вазири, ҳозирда мамлакат Парламенти раиси Адриан Настазе, ғарблик меҳмонлар орасида эса Даймлер Крайслер компаниясидан Волфганг Порш, Клаус Манголд ҳамда “Юлиус Майнл” номли йирик озиқ-овқат компанияси раҳбари Юлиус Майнл ҳам бўлган.

Тирякнинг адвокатлари тўнғизлар ов учун атайин фермадан олиб келингани ва бу ҳайвон тури қонун мухофазасида эмаслигини таъкидламоқда. Бироқ бир қатор юқори лавозимли расмийлар ва йирик тадбиркорлар қатнашган овда 200га яқин ҳайвон ўлдирилгани атроф-муҳит ҳимоячилари норозилигига сабаб бўлди.

“Ҳар бир ҳайвон тури ва ҳар бир ов майдони учун ов чеклови белгиланган. Тўнғиз қонун муҳофазасида бўлмаса ҳам, ов ҳусусий шахсга қарашли ҳудудда бўлган бўлса ҳам, биз ҳар ким истаганича тўнғиз овлаши мумкин, дея олмаймиз”, - дейди “Авес” номли атроф-муҳит ҳимояси билан шуғуланувчи ташкилот ходими Лазло Цабо-Целей Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Руминиянинг марказий ҳудудларида 550 бош тўнғиз яшайди. Бир овнинг ўзида 185та тўнғиз ўлдирилгани эса рухсат этилган нормадан олти баробар кўп.

Тиряк фикрича, ов хорижий инвесторларни Руминияга жалб этиш йўлларидан бири. Лекин Лазло Цабо-Целей ва бошқа атроф-муҳит фаоллари бу фикрга қўшилмайди.

“World Wide Fund” номли атроф-муҳит ташкилоти Руминиядаги ов воқеасини танқид қилди.

“Биз Европанинг бошқа давлатларида ҳам “ов фермалари” борлигини биламиз. Аммо ҳеч қаерда битта овда шунча ҳайвон ўлдирилмайди. Бу ов этикасига нисбатан ҳурматсизлик”, - дея афсусланиш билдирди ташкилотнинг Руминиядаги Дунай-Карпат лойиҳаси директори Луминита Танасе.

Руминияда айиқ овлаш хорижлик бойлар, руминиялик янги бойлар ва мамлакат сиёсий элитаси орасида русум бўлиб бормоқда. Уларнинг аксарияти тахминан тўрт мингта айиқ овлаган Руминия собиқ раҳбари Николай Чаушескодан ўзишга ҳаракат қилмоқда.

Лазло Цабо-Целей Чаушеско овини ҳозирги раҳбарлар овига таққослаб бўлмаслигини айтади:

“Чаушесконинг ови ҳокимият бошига келган ҳозирги неокоммунистлар ови олдида урвоқ ҳам эмас. Чаушеско ов қилган пайтда кўпи билан 30 – 40та олдиндан танланган катта, қари тўнғиз отиб ўлдирилган. Тиряк уюштирган бу қирғинда эса улар нишонга олиш мумкин бўлган масофадаги бўғоз ва ёш ҳайвонлар ҳам отиб ўлдирилган”, - дейди атроф муҳит ҳимоячиси.

Лазло Цабо-Целей ов масаласида Руминия ҳукумати ва янги Президент Траян Басескуга шикоят ёзди. Атроф-муҳит ҳимоячиси бу масалани Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашига олиб чиқишга тайёрлигини ва Руминияда ҳайвонлар қирилиб кетишининг олдини олиш учун қўлидан келган барча ишни қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG