Линклар

Мирмуҳсин вафот этди


Тўлқин Таниқли ёзувчи ва шоир Мирмуҳсин 84 ёшида вафот этди. Адиб ижодининг энг қизғин ва сермаҳсул даври турғунлик йилларига тўғри келади.

У “Умид”, “Хўжанд қалъаси”, “Меъмор”, “Чотқол йўлбарси”, “Дегрез ўғли”, “Илдизлар ва япроқлар” каби ўн бешдан ортиқ роман, бир неча қиссалар, шеърий достон ва шеърлар муаллифидир.

Адабиётшунос олим Умарали Норматовнинг сўзларига қараганда, Мирмуҳсин адабий муҳитга алоқадор жамоатчилик ишларида ҳам фаол қатнашган. У “Шарқ юлдузи” ва “Гулистон” журналлари бош муҳаррири бўлган.

Адабиётшунос олим, профессор Абдуғафур Расуловнинг таъкидлашича, Мирмуҳсин ўзбек адабиётида ўз ўрни ва овозига эга. У янги ўзбек адабиёти тарихида биринчи бўлиб шеърий роман ёзган. Бу асар “Зиёд ва Адиба” деб номланади. Мазкур роман бадиий маҳорат нуқтаи назаридан жуда юксак бўлмаса-да, адабиётдаги янгилик сифатида аҳамиятлидир.

У.Норматовнинг билдиришича, Мирмуҳсин ижодида “Меъмор”, “Хўжанд қалъаси” романлари алоҳида ўрин тутади. Унга шуҳрат келтирган асар эса “Умид” номли илк романидир.

А.Расулов Мирмуҳсин ўз замони фарзанди экани, шунинг учун унинг асарлари собиқ совет мафкураси таъсирида ёзилганини таъкидлади.

Мирмуҳсин ўзбек совет адабиёти ривожида қўшган ҳиссаси учун бир қанча давлат мукофотлари билан тақдирланган.
XS
SM
MD
LG