Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

“Байроқ” чироқсиз қолди


Тўлқин Хабарларга қараганда, 1 февраль куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманининг “Байроқ” маҳалласидаги 41 хонадон мажбурий равишда электр тармоғидан узиб қўйилган. Бу уйларда ижтимоий ночор оилалар яшайди.

Шу кундан буён “Шаҳрихон” ширкат хўжалигидаги мазкур хонадонлар эгаларининг норозилиги давом этмоқда.

Байроқлилик Дилмурод Ибрагимовнинг сўзларига кўра, 1 февраль куни туман электр тармоқлари корхонасидан беш киши келиб, 41 хонадонни электр тармоғидан узиб кетган. Хонадонлардаги аёллар қиш кунлари бундай қилмасликни сўраганида улар ҳақоратлаган. Шундан кейин аҳоли норозилик билдиришни бошлаган.

Маълум бўлишича, электр тармоқлари корхонаси ходимлари электрдан қарзи бўлмаган хонадонларни ҳам электрдан узиб кетган ва жаримага тортган. Электр энергиясидан маҳрум бўлган хонадонларда ногиронлар, ёш болалар, қариялар ҳам яшайди.

Байроқлилик Сиддиқ Ғозиевнинг таъкидлашича, вақтида ойлик берилмаслик, иш йўқлиги кишиларнинг электрдан қарздор бўлиб қолишига олиб келяпти. Одамлар қарзни тўлашни эмас, қорин тўйдириш, бола-чақасини кийинтиришни ўйламоқда.

Маҳалла оқсоқоли Ортиқали Отахоновнинг билдиришича, кишиларнинг қарзини тўлашга пули йўқ.

“Буларнинг имконияти йўқ. Барчаси колхозчи. Болаларининг оёқ кийимлари йиртиқ. Мактабга шу ҳолда боради. Электрчиларда раҳм йўқ экан. Чунки маҳаллада газ йўқ. Чироқ ҳар соатда ўчади. Ичимлик сув таъминоти ҳам яхшимас. Одамларни қўллайдиган ҳеч ким йўқ”, - деди оқсоқол.

Маълумотларга кўра, хонадонларни электр тармоқларидан узиб қўйиш Вазирлар Маҳкамасининг электр таъминоти тўғрисидаги қарорларини ҳаётга тадбиқ этиш асносида амалга оширилмоқда.
XS
SM
MD
LG