Линклар

Навоийни китоб дўконларидан ким қувди?

  • Садриддин Ашур

Тошкент шаҳридаги китоб дўконларини айланар экансиз, Президентнинг 12 томлик асарлари, баъзи ўзбек адибларининг йиллар давомида сотилмай ётган китобларига кўзингиз тушади.

Лекин аксарият китоб дўконларидан 9 февраль куни туғилган кунининг 564 йиллиги нишонланадиган ҳазрат Алишер Навоийнинг китобларини топиш мушкул.

“Озодлик” мухбири бу борадаги аҳволни ўрганиш учун Тошкентдаги энг катта китоб дўконларидан бири бўлмиш “Шарқ зиёкори”да бўлди. Харидорлардан бир бу ерда Алишер Навоийнинг асарлари йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлиб турган эди.

Маълум бўлишича, бу йигит Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси экан. У мазкур илм даргоҳида Навоийнинг туғилган куни муносабати билан махсус тадбир режалаштирилгани, шунинг учун иштирокчиларга совға қилиш мақсадида Навоий асарларини излаб юрганини айтди...

“Шарқ зиёкори”да Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Азим Суюн, Солиҳ Қаҳҳор, Ўткир Ҳошимов каби адибларнинг қалин ва чиройли муқовада нашр этилган асарлари тахланиб турибди. Президентнинг 12 томлик асарларининг ҳар бир томи эса бу ерда 1300 сўмдан 4600 сўмгача нархда сотилмоқда.

Лекин бу ерда на Навоий, на Бобур ва Машраб, на бошқа мумтоз адабиёт вакилларининг асарлари кўзга ташланади.

Дўкон сотувчиси Дилдора Расулованинг сўзларига қараганда, Навоийнинг “Хамса”си эндигина нашрга берилган. У бешта китоб ҳолида чиқиши режалаштириляпти. Умуман, китобларни қайта нашр этиш ўқувчиларнинг талабларидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Шоир Жамол Камол китобхонлик ўзбек халқининг дардли ва оғриқли муаммоларидан бирига айланиб қолганини таъкидлади.

“Биз совет даврини қоралаймиз, айблаймиз. Ҳақиқатан ҳам бу даврда оғирликлар бўлган. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Лекин бу даврнинг афзалликлари ҳам бор эди. Афзалликлардан бири шуки, совет замонида халқимиз чинакам китобхонга айланганди. Мустақиллик йилларида биз шу ютуқни қўлдан бой бериб қўйдик. Навоий асарлари тўпламининг 18-19-жилдлари бор-йўғи 500 нусхада чоп этилибди. 25 миллионли халққа 500 та китоб нима дегани? Бу ниҳоятда аянчли аҳвол”, - деди шоир.

Жамол Камолнинг айтишича, бугун Тошкентдан тузукроқ китоб дўконини топиш мушкул. Борлари ҳам жуда қашшоқ.

“Озодлик” мухбири бошқа китоб дўконларида ҳам бўлди. Фақат Миллий матбуот маркази ёнида жойлашган дўкондагина Навоий асарларининг 15-16-жилдлари бор эди. Кўчалардаги ёйма дўконлар эса, асосан, рус тилидаги детектив китоблар билан тўлиб-тошганди.
XS
SM
MD
LG