Линклар

Ўғирлик тирикчиликнинг бир йўлига айланди


Лобар Хабарларга қараганда, 11 январь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида юк ортилган 4 та вагон издан чиқиб кетган. Вагонлардан металл ўмараётган кишилар айби билан содир бўлган бу ҳалокатдан 3 миллион сўмликдан ортиқ зарар кўрилган.

Ховос темир йўл бекати бошлиғи вазифасини бажарувчи Ойбек Худойқуловнинг сўзларига кўра, ўғрилар вагонга ортилган металларни ўғирлаётганда металл парчаси темир йўлга тушган ва вагонлар издан чиқиб кетган. Умуман, маҳаллий аҳоли томонидан вагонлар йўлда тўхтатилиб, юкларни талон-тарож қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Асосан, Бекобод металлургия комбинатига металл олиб кетаётган поездларда ўғирлик содир этиляпти.

Карвонсарой қишлоғи Ховос темир йўл бекати яқинида жойлашган. Бу ерда 3 мингга яқин аҳоли яшайди. Аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади.

Мазкур маҳалла оқсоқоли Йўлдош Дўстмуҳаммедовнинг таъкидлашича, ёшлар ишлаши учун темир йўлдан бошқа жойда иш йўқ.

Қишлоқ аҳлининг айтишича, темир йўл бекатининг яқинлиги, бу ерга турли юклар ортилган вагонлар келиб туриши ишсиз ёшларнинг оила тебратиш ва пул топишига қўл келмоқда. Улар металл ёки харидоргир бошқа юкларни вагонлардан ўғирлаб сотиш орқали кун кўряпти.

“Темирнинг килограммини 15 сўмдан олишяпти. Вагонлардан ўғирланган темирларни тўплаймиз. 300-400 килограмм темир йиғилгандан кейин машиналарда мижозларнинг ўзи келади. Улар уйма-уй юриб, йиғилган металларни сотиб олади”, - дейди карвонсаройликлардан бири.

Маълум бўлишича, фуқаролар кўпинча юриб кетаётган вагонларга осилиб чиқишга ҳаракат қилади. Бунинг натижасида турли жароҳат олиб, ногирон бўлиб қолганлар бор. Баъзан эса шу каби хатти-ҳаракатлар оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилади. Лекин бу фожеалар тирикчилик ташвишида бўлган кишиларни ўғирликдан қайтараётгани йўқ.

Маҳаллий аҳоли вагонлардан юк ўғирлаш орқали тирикчилик ўтказаётганлар орасида 10 ёшдан 35-40 ёшгача бўлган фуқаролар борлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG