Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:56

Қамчиқ довони қурбонлик талаб қилди


Тўлқин Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан боғловчи Қамчиқ довони бир неча кундан буён ҳаракат учун ёпиб қўйилган. Шунга қарамай, бу ерда юз берган қор кўчкиси туфайли бир неча киши ҳалок бўлди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА тарқатган хабарда айтилишича, довонни қор кўчкисидан тозалаш ишларида жами 415 киши ва юзга яқин махсус техника жалб этилган. Табиий офат оқибатида “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясига тегишли 8 та вақтинчалик вагон зарар кўрган. Вагонлардаги 4 нафар йўл хизматчиси ҳалок бўлган. Шунингдек, қор кўчкиси Гидрометеорология бош бошқармасининг “УАЗ” русумли автомобилига ёпирилиши туфайли ҳайдовчи тан жароҳати олган ва вафот этган.

Норасмий манбаларда қор кўчкиси қурбонлари сони расмий маълумотдагидан анча кўп бўлгани таъкидланади.

“Озодлик” мухбирининг довондаги ҳақиқий аҳволни билиш, қурбонлар тўғрисида аниқ маълумот олиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Ички ишлар вазирлигига қилган мурожаатлари бесамар кетди.

Маълум бўлишича, Қамчиқ довонининг ёпилиши водийдан Тошкентга ёки пойтахтдан Фарғонага қатновчи йўловчилар учун катта қийинчиликлар туғдирмоқда. Чунки икки томонга ҳам автомобилларда фақат довон (ёки Тожикистон) орқали ўтиш мумкин. Йўловчиларни манзилига етказиш ҳам, асосан, хусусий таксичилар зиммасида.

Таксичилардан бирининг таъкидлашича, Қамчиқнинг ёпилиши туфайли довоннинг ҳар икки томонида минглаб ҳайдовчи ва йўловчилар қолиб кетган.

“Тribune-uz.info” сайтида ёзилишича, довон ёпилгани муносабати билан Фарғона водийсига самолёт қатнови кўпайтирилган. Лекин аввал 13 минг сўм атрофида бўлган чипта нархи 30 минг сўмгача қимматлаган.
XS
SM
MD
LG