Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:49

Қамчиқда норозилик акцияси


Тўлқин Фарғона-Тошкент йўлидаги Қамчиқ довони бир неча кундан буён ёпиб қўйилгани сабабли йўлдан ўта олмай Ангрен шаҳрида тўпланиб қолган йўловчи ва ҳайдовчилар 5 февраль куни норозилик акцияси ўтказди.

Улар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатувида йўловчи ва автоуловларни Тожикистон орқали манзилига етказиб қўйишни талаб қилди.

Йўловчиларнинг сўзларига қараганда, улар деярли бир ҳафтадан буён довон очилиши кутиб турибди. Бироқ ҳукумат томонидан йўлдан ўта олмай қолиб кетганларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаяпти. Шу вақт ичида бирорта мутасадди келиб, одамлардан ҳол-аҳвол сўрагани йўқ. Аҳволи танг кишилар норозилик акцияси ўтказишга қарор қилган.

Маълум бўлишича, айни пайтда Тошкентдаги “Қўйлиқ” бозори яқинида Фарғона водийсига кетадиган юзлаб автомобиллар ва йўловчилар тўпланиб қолган. Қамчиққа яқинлашган сари довон очилишини кутиб турган машиналар ва фуқаролар сони ортиб бораверади. Ангрен шаҳридаги ресторан ва чойхоналар улар билан тўла. Қамчиқ яқинида тўпланиб қолган автомашиналар сони 2 мингга, йўловчилар сони эса 5 мингга яқинлиги айтилмоқда. Ангренда ҳаво жуда совуқ, қорнинг қалинлиги 50-60 сантиметрга боради. Йўлдан ўта олмай қолиб кетганлар орасида беморлар, пули тугаб қолган фуқаролар бор.

Хабарларга қараганда, акция иштирокчилари билан ички ишлар вазири ўринбосари Зуҳриддин Бобокалонов учрашган. У бу ерда йиғилиб қолганлар автобусларда Тошкент темир йўл вокзалига, вокзалдан поездда Тожикистон орқали Фарғонага етказилишини айтган. Шунингдек, З.Бобокалонов Қамчиқда кучли кўчки бўлгани боис довон яқин 15 кунларда очилмаслигини маълум қилган. Йўлни тозалаш учун бутун мамлакатдан махсус техника воситалари жалб этилган.

Маълумотларга кўра, расмийлар автоулов ва йўловчиларни Тожикистон орқали давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги вакиллари кузатувида манзилига етказиб қўйиш талабини рад этган. Ўз навбатида, ҳайдовчилар ва йўловчилар темир йўл орқали уйларига етиб олиш таклифига рози бўлмаган. Улар машиналарни бу ерда ташлаб кета олмаслигини, шунингдек, Тожикистондан ўтадиган поездларнинг хавфсизлиги етарли даражада таъминланмагани, қолаверса, чипта сотиб олишга пули йўқлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Қамчиқ довони 1 февралдан буён автомобиллар ҳаракати учун ёпиб қўйилган. Бунга довонда қор кўчкиси хавфи жуда катталиги сабаб бўлган. Бундан бир неча кун муқаддам Қамчиқда кўчки оқибатида, расмий маълумотга кўра, 5 киши ҳалок бўлган эди.
XS
SM
MD
LG