Линклар

Савдогар аёллар кўчани тўсиб қўйди


Турғунбек 4 февраль куни юздан ортиқ савдогар аёл норозилик акцияси ўтказиб, Андижон шаҳридаги Бобур ва Бектош Раҳимов кўчалари чорраҳасида автомобиллар қатновини тўхтатиб қўйди.

Маълум бўлишича, бу аёллар илгари “Холис” буюм бозорида савдо қилган. Бироқ буюм бозори ёпилгач, улар кўчада қолган ва фаолиятини бозор яқинидаги йўлакларда давом эттирган. Маҳаллий ҳокимият вакиллари эса ёймачиларни савдо қилишга қўймаётир.

Кўчада қатновни тўсиб қўйган аёлларнинг сўзларига қараганда, улар бозордан 4-5 миллион сўмга дўкон сотиб олиб савдо қилиш имкониятига эга эмас. Чунки кўпчилик 50-60 минг сўмлик маҳсулот билан савдо қилади. Уларнинг топгани фақат оиласининг бир амаллаб тирикчилик ўтказишига етади, холос.

“Бу ердан беш-ўн сўм топмасак, тирикчилигимиз ўтмайди. Қаерга борсак, бизга қулоқ соладиган бўлмаяпти. Охири аёллар шу ерга чиқишга мажбур бўлди. Тирикчилик қилишга қўймаяптилар. Ўғирлик, ғарлик, фоҳишалик қилиш керакми яшаш учун? Бола-чақамиз оч қоляпти. Ишлай десак, бирорта корхона ишламайди. Ҳозир аҳвол тобора оғирлашяпти. Кўмир йўқ, газ, чироқ йўқ. Даволаниш пуллик. Бир бола касал бўлса, даволатиш учун 100 минглаб сўм пул керак. Юртимиз мустақил бўлиб бунчалик даражада оч қоламиз, деб ўйлаганамиз йўқ”, - дейди савдогар аёллар.

Ҳокимлик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва норозилик иштирокчилари ўртасида бир соатдан ортиқроқ давом этган музокаралардан кейин кўча ҳаракати тикланди.

Андижон шаҳри ҳокими ўринбосари Тоҳир Тўйчиевнинг таъкидлашича, расмийларнинг савдогарларга нисбатан ҳаракатлари қонун доирасидадир. Чунки аёллар ноқонуний савдо билан шуғулланмоқда. Қонун доирасида, мавжуд қарорлар асосида иш юритса, ҳеч ким савдогарларга қаршилик кўрсатмайди.
XS
SM
MD
LG