Линклар

logo-print

Ядросиз ҳудуд сари яна бир қадам


Тўлқин 7 февраль куни Тошкентда “Марказий Осиёни ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш тўғрисида”ги шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича минтақавий экспертлар гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бошланди.

Йиғилишда Осиё-Тинч океани минтақасида тинчлик ва қуролсизланиш масалалари бўйича минтақавий марказ директори Цутому Ишигури бошчилигидаги БМТ делегацияси, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон делегациялари иштирок этмоқда.

Ц.Ишигурининг сўзларига қараганда, Тошкентдаги йиғилишдан мақсад Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш тўғрисидаги шартнома матни бўйича минтақа мамлакатларининг қарашларини ўрганиш ҳамда шартнома матнининг Самарқандда қабул қилинган илк лойиҳасини БМТ ва Халқаро атом энергетикаси агентлиги таклифлари билан мувофиқлаштиришдан иборат.

Учрашувда маъруза қилган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Иброҳим Мавлонов шартнома кучга киргач, дунёда ядро қуролидан холи бўлган бешинчи шундай ҳудуд пайдо бўлишини таъкидлади.

И.Мавлоновнинг айтишича, ўтган бир неча йил давомида ядровий қуролдан холи ҳудуд яратиш бўйича минтақанинг беш давлат ўртасида музокараларга тайёрланиш жараёни давом этган. Шартнома лойиҳасини яратиш борасида экспертлар гуруҳининг бир қанча учрашувлари ўтказилган. Бу ташаббус асосида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг 1997 йилги Олмаота декларацияси туради.

Ц.Ишигурининг билдиришича, 2002 йилда қабул қилинган шартнома матнининг Самарқанд лойиҳаси музокараларнинг муҳим натижасидир. Бироқ бу лойиҳа шу пайтгача имзоланмаган.

Ц.Ишигурининг маълум қилишича, Марказий Осиёни ядровий қуродан холи ҳудуд деб эълон қилиш тўғрисидаги шартнома тўла кучга кириши учун ядровий салоҳиятга эга бўлган беш мамлакат бу минтақага қарши ядровий қурол қўлламаслик тўғрисидаги протоколни имзолаши керак.

Тошкентдаги учрашув 9 февраль куни ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG