Линклар

Васила Иноятова Адлия вазирлигидан қўрқмайди

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, Адлия вазирлиги Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтказилган икки мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотидан бири – “Эзгулик” жамиятини ўз низомига риоя этмаётганликда айблаб, расман огоҳлантирган.

“Эзгулик” жамияти раисаси Васила Иноятованинг “Озодлик” мухбирига айтишича, у 2 феврал куни адлия вазири ўринбосари Пўлат Саматов ҳузурига таклиф қилинган. Унга жамият ўз низоми ва дастуридан четга чиқаётгани ва мавжуд қонунчиликни бузаётгани, агар бу хатти-ҳаракатлар давом эттирилса, вазирлик тегишли чора кўриши маълум қилинган.

В.Иноятованинг сўзларига қараганда, вазирлик бу айбловларни жамият томонидан 2 январь куни қамоқхонадан ўлиги олиб келинган Самандар Умаров ҳақида тарқатилган хабарга таяниб билдирган. Бу хабар С.Умаровнинг яқинлари берган маълумотларга таянилиб тарқатилган бўлиб, унда маҳбуснинг ўлими сабабларини холисона текширишга даъват бор эди. Вазирлик бу хабарни атайин нотўғри маълумот тарқатишга йўйган.

В.Иноятованинг таъкидлашича, “Эзгулик”ка қўйилаётган айблардан яна бири шуки, гўёки жамият аъзолари “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг рўйхатдан ўтказиши учун сохта имзо йиққан. Лекин аслида бундай бўлган эмас. Жамият сафида нафақат “Бирлик”, балки бошқа бир қанча партияларнинг ҳам аъзолари бор.

“Бу огоҳлантиришни жамиятимизни қийноқлар сингари воқеаларга муносабат билдириш, мустақил манбаларга таяниб маълумот тарқатишдан тийилишга чақириш, деб ҳисоблаймиз. Агар бу фаолиятимизни давом эттирсак, ҳукумат бизга нисбатан кескин чора кўрар экан. Лекин бу усул билан бизни қўрқитиб бўлмайди”, - деди В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG