Линклар

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий газеталар асосий диққатини Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасига билдирилган муносабатларга қаратди. Газеталар, одатдагидек, маърузадан келиб чиқадиган вазифалар ҳақидаги мақолалар билан тўлиб-тошиб ёзди.

“Ҳуррият” газетасининг 2 февраль кунги сонида профессор Неъмат Акмаловнинг “Бугунги ОАВ. Биз ундан нимани истаймиз?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллиф Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувларига тўхталиб, жумладан, бундай ёзади: “Қишлоқ хўжалиги хабарларида фидокорона меҳнат қилиб, агротехника қоидаларига риоя қилган ҳолда режани бажардик. Ҳосилимиз кўп ва давлатга яна қўшимча фалон центнердан ҳосил топширамиз каби 40 йиллардан бери қўлланиб келинаётган иборалар ишлатилади. Агар эътибор берсангиз кадрлар ҳам қарийб бир хил: фермер интервью бераётибди, ноябрь ойининг ярмида ҳали қўл урилмаган пахта майдони (бундай майдонларни шўролар даврида фақат режа бажарилишига атайлаб сақлаб қўйиларди), бир гуруҳ теримчилар, улардан сўралса, албатта, ҳеч қандай камчилик йўқ, ҳамма нарса муҳайё дейишади. Менда савол туғилади: наҳот шўролар давридаги кўрсатув тайёрловчилар телевидениенинг ёш журналистлари ва операторларига ана шуларни мерос қилиб қолдирган бўлсалар?”

Мақола бугунги матбуот ҳақида ҳам сўз юриталади: “Кундалик мавзуларга бағишланган сариқ матбуот шу даражада кўпки, буларнинг харидори бормикан, деб ўйлаб қоласан. Ана шу газеталардаги мақолаларни тахминан 3 турга бўлиш мумкин. Жуда қисқа расмий ахборот, таниқли санъаткорлар ҳаётидан лавҳалар, қолганлари эса интернетдан олинган хабарлар бўлиб, кўпинча шов-шув ва исботсиз фактларга суянади. Улар, асосан, ёшларга салбий таъсир кўрсатувчи мақолалар билан тўлдирилган”.

“Туркистон” газетасининг 2 февраль сонида Нигора Жалолиддин қизининг “Илм қанча туради?” сарлавҳали маколаси чоп этилди. Ўрта таълим муассасаларида ташкил қилинаётган репетиторлик машғулотлари ҳақидаги ушбу мақоладан иқтибос келтирамиз: “Мактабларда билим бериш савияси кўнгилдагидек эмас. Олий ўқув юртига кирмоқчи бўлганларга қўшимча дарс берадиган ўқитувчилар худди шу сабоқни наҳотки синфда беролмайди? Ёки репетиторга ишонган ўқитувчи синфга хўжакўрсинга кирадими? Балки гап савия билан ҳам боғлиқ эмасдир?”

“Фидокор” газетасининг 3 февраль сонида Жамшид Холовнинг “Ҳурматми ё иллат?!” сарлавҳали мақоласи босилди. Унда бундай сўзлар бор: “Кейинги йилларда ёшлар, талаба ўғил-қизлар орасида ҳазрат Бобур таваллуд топган кунда батамом ёт юртлардан кириб келган кунни байрам сифатида нишонлаш одат тусига кириб бораётир. “Валентин куни”, “Севишганлар куни”, “Висол куни”, деб юритиладиган бу байрамнинг асл моҳиятидан кўпчилик хабардормикин?! Аслида овруполиклар нишонлайдиган бу кунда севишганлар бир-бирига интилиб, ҳар турли совғалару ширин бўсалар ҳадя этишади. Кўча-кўй, турли дам олиш масканларида, ҳатто ойнаи жаҳонда бир-бирининг пинжига тиқилиб кетган ёшларни кўрасан киши. Ажабо, бу байрамнинг “сабаб”чиси ким? У бизнинг миллий менталитетимизга хосми?”
XS
SM
MD
LG