Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:46

ТОШКЕНТ БОШ ДИПЛОМАТИНИ ЎЗГАРТИРДИ


Ҳукумат таркибидаги сўнгги ўзгаришлар Ўзбекистондаги икки палатали парламентга ўтказилган сайловлардан кейин амалга ошди. Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ ҳукуматдаги бу ўзгаришларни Ўзбекистон президентининг ўз шахсий хокимиятини мустаҳкамлаш сари қилган навбатдаги қадами деб билади. "Ўзбекистон президенти сайловларни ўзининг моделида, ўзи истаган шаклда ўтказди. Яъни ўзининг қўғирчоқ партияларини янги икки палатали деб аталган, аслида аввалгидан ҳеч фарқ қилмайдиган парламентга киритди. Бундан кейинги бўлаётган ўзгаришлар ҳаммаси президентнинг шахсий ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун давом этяпти", - деди Муҳаммад Солиҳ.

Энг эътиборни жалб этган ўзгариш эса, тажрибали дипломат Содиқ Сафоевнинг ташқи ишлар вазири лавозимидан олиниши ва унинг ўрнига узоқ йиллар Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига раҳбарлик қилган ва дипломатия соҳасидан узоқроқ бўлган Элёр Ғаниевнинг тайинланиши бўлди. Президент фармонига кўра, эндиликда янги ташқи ишлар вазири бир вақтнинг ўзида бош вазир ўринбосари лавозимини ҳам эгаллайди. Бу Ўзбекистон ҳукуматида ташқи ишлар вазирига берилган янги лавозимдир.

Мустақил кузатувчи Баҳодир Мусаев фикрича, Тошкент ҳукумати Элёр Ғаниевни ташқи ишлар вазири этиб тайинлаш билан келажакда ташқи сиёсатда иқтисодий муносабатларга кўпроқ урғу беришини намоён этмоқда.

"Афтидан ҳукумат ташқи сиёсатда иқтисодий муносабатларга кўпроқ урғу беришни хоҳлаётган кўринади. Менимча, иқтисодиётни яхши билган, кўп йиллар давомида ташқи иқтисодий алоқалар бошқармасига раҳбарлик қилган Ғаниевнинг бу лавозимга тайинланиши шундан дарак бераётир. Сафоевнинг ташқи алоқалар бўйича Сенат қўмитаси раислигига тайинланишига келсак, менимча ҳукумат шу йўл билан Олий мажлис ва АҚШ Конгресси ўртасидаги алоқаларни яхшилашга уринаётган кўринади", - дейди Баҳодир Мусаев.

Бошқа кузатувчилар эса, бу ўзгаришларда ўзгача сиёсий маъно кўришади. Маълумки, 2003 йилда Ўзбекистон ҳукумати узоқ йиллар ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Абдулазиз Комиловни АҚШга элчи этиб, унинг ўрнига тажрибали дипломат, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси, ғарб доираларида кўзга кўринган Содиқ Сафоевни тайинлаш билан ўзининг Ғарбга моиллигини намоён этган эди. Эндиликда эса Сафоевнинг бу лавозимдан олинишини кузатувчилар, Тошкент ҳукуматининг Ғарбдан узоқлашиши белгиси сифатида кўришмоқда.

"Элёр Ғаниев аввал КГБда ишлаган одам ва эски совет тизимидан қолган кадрларнинг ёрқин бир кўриниши. Ва унинг муҳим бир лавозимга тайинланиши Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришларни кўрсатиб турибди. Бизнингча, бу биринчи навбатда Ғарбга бўлган ориентациянинг ўзгариши дейиш мумкин", - таъкидлайди "Эрк" демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистон президентининг сўнгги чиқишларида унинг Ғарбдан хафсаласи пир бўлганини пайқаш мумкин. Сўнгги йиллар мобайнида Ғарб Ўзбекистонга ўзининг стратегик ҳамкори сифатида қараш баробарида, Тошкент ҳукуматидан жиддий демократик ўзгаришларни талаб этиб келди. Кузатувчилар айнан шу боис, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотларни даъво қилмаётган Москва томон юз бураётганини айтишади. Бунинг учун эса, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги янги шахс рахбарлигида янги қиёфа қозониши лозим. Аммо, ўзбекистонлик кузатувчи Баҳодир Мусаев фикрича, Ташқи ишлар вазирлигидаги сўнгги қадр ўзгаришлари мамлакат ташқи сиёсати йўналиши Россия томон қаратилаётгани белгиси эмас.

"Нима, Ғаниев ўзининг Россияга мойил чиқишлари билан танилганми? Менимча бизда ўз сўзига эга, президент кўз қарашларидан фарқли муайян вазиятга ўз қарашларини билдира оладиган сиёсатчи ёки давлат амалдорининг ўзи йўқ", - дея сўзини давом эттиради Мусаев. "Агар Алматов ишдан олинганида ана унда, ҳа Ўзбекистон ички сиёсатида репрессив сиёсатни юмшатишга уриняпти дейиш мумкин бўларди. Аммо, Ташқи ишлар вазири Сафоев ўрнига Ғаниевнинг ўтказилиши, менимча, ҳеч нимани англатмайди".

Содиқ Сафоев Германия, кейинчалик АҚШда Ўзбекистон элчиси сифатидаги фаолияти давомида Ғарб дипломатик доираларида обрў қозонган шахсдир. Айнан шу жиҳатдан ҳам Сафоев бошқа ўзбек расмийларидан ажралиб туришини айтишади кузатувчилар. Аммо, Муҳаммад Солиҳ фикрича Сафоев Ислом Каримовга содиқлик борасида бошқа расмийлар, жумладан Ғаниевдан ҳам қолишмайди.

"Содиқ Сафоев ўша катта машинанинг бир винти. Ўйлайманки бу унинг учун ҳақорат бўлмайди. Сафоевнинг Элёр Ғаниевлардан фарқи эса у бир оз фаросатли, бир оз дунёни кўрган, ғарбни кўрган ва ишлаб тажриба орттирган бир кадр. Лекин Каримовга ва унинг режимига садоқат борасида у Элёр Ғаниев билан айни қаторда туради", - дейди Муҳаммад Солиҳ.


Ўзбекистон ҳукумати таркибидаги ўзгаришлар борасида айрим фикр мулоҳазалар эди. Айни пайтда, айрим лавозимидан олинган ҳукумат расмийлари устида қора булутлар пайдо бўлгани, аниқроғи уларга нисбатан жиноий иш қўзғотилгани ҳақида норасмий манбаълар хабар тарқатди. Биз бунга кейинги эшиттиришларимизда аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG