Линклар

Демаркация бошга бало бўлди


Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегара демаркация қилингандан кейин Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги Қанғли овули аҳолиси турли муаммоларга дуч кела бошлади.

Қанғли овули фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, демаркациядан кейин тўрт оиланинг турар-жойи Туркманистон ҳудудида қолиб кетган. Тошҳовуз вилоятининг Губадоғ туманидаги “Жайҳун” жамоа хўжалигида яшовчи 300 дан ортиқ фуқаронинг уй-жойи эса Ўзбекистонга ўтиб қолган.

Маълум бўлишича, жойлари Ўзбекистон ҳудудига ўтиб қолган туркман фуқаролари орасида қўшни мамлакатнинг турли ташкилотларида ишлайдиганлар бор. Айни пайтда улар Ўзбекистондан Туркманистонга ўтиб, ишга қатнамоқда. Чегарадан ўтиш учун улардан Туркманистон фуқаролигини тасдиқловчи паспорт талаб қилиняпти, холос. Бироқ яқинда Туркманистоннинг “Мискин” чегара постида темир дарвоза ўрнатилгач, уларнинг чегарадан ўтиши ҳам анча қийинлашди.

Айниқса, туркман болаларига қийин бўлди. Чунки Қанғлида туркман мактаби бўлмагани боис, улар чегарадан ўтиб, Туркманистондаги мактабга қатнайди.

“Чегара постидаги дарвоза эрталаб ярим соат, тушда ярим соат давомида очилади, холос”, - дейди фуқаролардан бири.

Туркманистон ҳудудига ўтиб қолган қорақалпоқ оилалари янада катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Чунки уларнинг фарзандлари Қанғлидаги мактабга ўқишга бориш учун чегарадан яширинча ўтишига тўғри келяпти.

Баъзи ота-оналарнинг сўзларига қараганда, болалар анчадан буён мактабга бора олмаётир. Чунки туркман аскарлари Ўзбекистон фуқароларига жуда ёмон муносабатда бўлади.

Уй-жойи Туркманистон ҳудудида қолган Ҳайитбой Олломуродовнинг билдиришича, турар-жойи қўшни давлатга ўтиб қолган Ўзбекистон фуқаролари ўта ночор иқтисодий аҳволда қолган. Чунки бу оилалар бошлиқлари чегарадан ўтиб, иш жойига бора олмаяпти.

Фуқаролар чегара демаркацияси туфайли пайдо бўлган муаммоларни ечишда ҳар икки давлат ҳукуматлари ҳам бирор ёрдам кўрсатмаётганини маълум қилди.

Фуқароларнинг айтишича, туркман аскарлари қўшни мамлакатга ўтиб қолган ўзбекистонликлардан кўчиб кетишни талаб қилмоқда. Бу фуқароларга бошпана қуриш учун Амударё тумани ҳудудидан ер ажратилган. Лекин давлат томонидан ёрдам кўрсатилмаса, уларнинг янги уй қуришга имконияти йўқ.

Хабарларга қараганда, Туркманистоннинг Ўзбекистон ҳудудига ўтиб қолган 300 дан ортиқ фуқаросига танлаш ҳуқуқи берилган. Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиш ёки қўшни давлатга кўчиб кетишни уларнинг ўзлари ҳал қилиши лозим.

Қанғли овули фуқаролар йиғини котиби Аминбой Бердиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон фуқаролигини олишни хоҳловчи туркманистонликлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг рўйхати тузилиб, тегишли идораларга жўнатилган. Лекин ҳозирча уларга Ўзбекистон фуқаролигини беришда енгилликлар яратилмаган.
XS
SM
MD
LG