Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:15

Пластик карточка тизими аччиқ меваси бера бошлади


Феруза Ойлик маошлари пластик карточкаларга ўтказиб берилаётган Тошкент агрегат заводи ишчилари карточка билан банкоматдан нақд пул олишда жуда катта қийинчиликларга дуч келмоқда.

“Озодлик” мухбири заводда бўлганида банкоматга нақд пул келган экан. Шунинг учун уч ойдан буён маош ола олмаётган ишчи-хизматчилар заводда ўрнатилган банкомат олдида турнақатор бўлиб навбатда турарди.

“Ноябрь ойидан буён маош олганимиз йўқ. Пул йўқлиги учун коммунал тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганмиз. Бунинг учун чироғимизни ҳам ўчириб кетишди. Кўпчилик шу пайтгача бировдан қарз олиб яшаяпти”, - дейди ишчилардан бири.

Ишчиларнинг айтишича, банкоматда камдан-кам ҳолларда ва оз миқдорда нақд пул бўлади. Пул келгани маълум бўлса, банкомат олдида ур-тўполанг бошланади. Чунки ҳаммага нақд пул керак.

Маълум бўлишича, заводдаги 650 ишчининг уч ойлик маошини бериш учун бир неча ўн миллион сўм нақд пул зарур. Лекин шу куни банкоматда бир миллион сўм бор эди, холос.

Агрегат заводи ишчилари пластик карточкалардан фойдаланиш тизимига ўтиш учун “Пахтабанк” билан шартнома тузган.

Мазкур банк ходими Муҳиддин Каримовнинг билдиришича, завод ишчиларининг ойлиги учун зарур маблағнинг барчаси бирданига берилмайди. Ҳар сафар бу маблағнинг маълум қисми банкоматга етказиб берилади.

Ўзбекистонда пластик карточкалардан фойдаланишда анча-мунча қийинчиликлар туғилаётгани ҳақида кўпчилик гапирмоқда.

Ёш иқтисодчи Шерзод Юнусовнинг фикрича, аслида пластик карточкалардан фойдаланиш жуда қулай. Лекин Ўзбекистонда бу амалиётга ўтишдан аввал зарурий шароитлар яратилмаган. Зеро, карточкага ўтиш учун, аввало, аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш лозим эди. Қолаверса, фуқароларнинг банкларга ишончини тиклаш керак.
XS
SM
MD
LG