Линклар

Ишлаб чиқариш ҳажми ортганидан аҳолига не фойда?

  • Барно Анвар

Хабарларга қараганда, “Ўзбеккўмир” очиқ акциядорлик жамияти 2004 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоиз оширишга эришган. Қазиб олинаётган кўмирнинг 85 фоизи электр станциялари, қолгани мактаб ва шифохоналарга, тахминан бир фоизи эса аҳолига етказиб берилади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги кўмир захираси 3 миллиард тоннага яқиндир. Мамлакатдаги ишлаб чиқарилаётган кўмирнинг 98 фоизи Ангрен кўмир конидан қазиб олинади.

2002 йил Ўзбекистон ҳукумати кўмир саноатини 2010 йилгача ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиққан эди. Умумий қиймати 254 миллион 200 минг АҚШ долларига тенг бўлган дастурда, асосан, “Ўзбеккўмир” ОАЖ фаолиятини такомиллаштириш ва Ангрен кўмир конини замонавий технология билан жиҳозлаш кўзда тутилади.

“Ўзбеккўмир” мутахассиси Зокирхон Шароповнинг сўзларига қараганда, дастурни амалга оширишга киришилгани туфайли 2004 йилда кўмир ишлаб чиқариш сезиларли даражада ўсган. Бу кўмирнинг асосий харидори Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станцияларидир.

“Илгари аҳолига ҳам кўмирни ташкилотимиз етказиб берар эди. Ҳар бир вилоятда ҳудудий корхоналаримиз бўларди. 2002 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳудудий корхоналаримиз қарамоғимиздан чиқарилди. 2004 йилда аҳолининг кўмирга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланмади. Чунки айрим вилоятлардаги бизнинг собиқ корхоналаримиз хусусийлашгач, бошқа даромадли ишлар билан шуғулланмоқда”, - деди З.Шаропов.

Кўпчиликнинг хабари бор, Ўзбекистон вилоятларининг газлаштирилган ҳудудларида газ босими ўта паст ёки умуман йўқ. Кўмир бўлмагани ёки жуда қимматлиги боис, аҳоли ўтин ёқмоқда.

Маълум бўлишича, вилоятларда бир килограмм кўмир нархи 55 сўмдан 100 сўмгача боради.

З.Шароповнинг билдиришича, бир килограмм кўмирнинг таннархи 11 сўм 40 тийинни ташкил этади. Бироқ йўл ва бошқа харажатлар кўмир баҳоси кескин ошишига олиб келади.

Кўриниб турибдики, кўмир қимматлиги ва айрим вилоятларда камлигига сабаб, “Ўзбеккўмир” мутахассиси айтганидек, кўмир етказиб берувчи корхоналарнинг хусусийлаштирилганию ўзи хоҳлаган вақтда кўмир савдоси билан шуғулланишида.

Шундай экан, кўмир саноатида бундай тизимни шакллантиришдан мақсад нима эди? Бу савол эса очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG