Линклар

logo-print

Европа Иттифоқи ва Эрон расмийлари ёпиқ эшиклар ортида музокара бошлади

  • Ҳасанжон

Сешанба куни Женева шаҳрида Европа Иттифоқи вакиллари ва Эрон расмийлари ўртасида ёпиқ эшиклар ортида уч кунлик музокара бошланди.

Бу Британия, Франция ва Германия дипломатлари ва Эрон вакиллари ўртасида Эроннинг ядровий дастури борасида ўтказилаётган учинчи учрашув.

Европа Иттифоқи Теҳрон ўзининг уранни бойитиш дастуридан воз кечишини хоҳлайди. Чунки халқаро ҳамжамият Эронда уранни бойитиш давом эттириладиган бўлса, ундан нафақат тинчлик мақсадлари балки, ядровий қурол яратишда ҳам фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирда.

Аммо Теҳрон расмийлари атом энергиясидан фақат тинчлик мақсадларида фойдаланиш ниятидалиги ва бошқа давлатлар каби бунга ҳақли эканини таъкидламоқда.

Европа Иттифоқи катта иқтисодий манфаат, хусусан Эронга катта сармоя ётқизиш ва савдо соҳасида маълум имтиёзлар бериш эвазига Эрон ҳукумати ўзининг ядровий дастуридан воз кечишини хоҳлайди. Лекин Теҳрон расмийлари ҳозирга қадар бу борада аниқ таклифлар ўртага қўйилмаганини таъкидлаб, атом станцияси учун ёқилғи бўладиган уранни бойитиш жараёнини давом эттиришини айтмоқда.

Маълумки, собиқ Ироқ Президенти Саддам Ҳусайннинг оммавий қирғин қуроллари яратиш дастурига эгалиги тўғрисидаги даъволар АҚШнинг Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатишига сабаб бўлган эди. Мутахассислар фикрича, ҳозирда Эрон ҳам худди шундай вазиятга дуч келмоқда.

Америка расмийлари Эронга қарши ҳарбий куч қўллаш Оқ Уй маъмурияти кун тартибида йўқлигини таъкидлаётган бўлса-да, аммо кузатувчилар Ироқ уруши арафасидаги каби гаплар қулоққа чалинаётгани ҳақида гапирмоқда.

Ана шундай мутахассислардан бири АҚШ Президенти Буш маъмуриятининг қуроллар бўйича инспекторлари собиқ раҳбари Дэвид Кей. Унга кўра, ҳозирда Буш маъмурияти Эронга икки йил олдин Ироққа нисбатан олиб боргани каби сиёсат олиб бормоқда :

”Бу охир-оқибат Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатилишига олиб келган сиёсатга жуда ўхшайди. Бир қаранг-а, АҚШ Вице-президенти Америка ва Исроил ўзига тахдид, деб билса, Эрон ядровий иншоотларига превентив зарба бериши ҳақида гапирди. Аввалги Давлат котиби Колин Пауэлл ва ҳозиргиси Кондолизза Райс Эрон диссидентлари мамлакатда ядровий дастур борлигини тасдиқлашганини айтди. Айни пайтда, БМТ мутахассислари бу дастур моҳияти ҳақида бир қарорга кела олмаяпти. Буларнинг ҳаммаси Ироқ урушидан аввалги вазиятга жуда ўхшаб кетяпти”, - дейди америкалик мутахассис.

Маълумки, Ироққа қарши уруш Саддам Ҳусайннинг гумон қилинган оммавий ирғин қуролларини йўқ қилиш мақсадида бошланган. Урушдан кейин Дэвид Кей Ироқ оммавий қирғин қуроллари дастурини топиш учун бир гуруҳ мутахассисларга раҳбарлик қилди. Лекин Ироқда бундай қурол топилмаганидан кейин, Кей ўз лавозимига истеъфо берди.

Кей бу гал Буш маъмурияти Эронга нисбатан Ироқда йўл қўйгани каби хатоликни қайтармаслиги кераклигини айтади. Шу ҳафта “Вашингтон Пост” газетасида чоп этилган мақолада Дэвид Кей Теҳроннинг ядровий дастури тўғрисида эронлик диссидент ва бошқа мутахассислар даъвосига Вашингтон расмийлари танқидий қараши кераклигини айтган. Бундан ташқари, мутахассис фикрича, Оқ Уй маъмурияти Эрон махфий қуроллар дастурини амалга ошираётган ёки оширмаётганини аниқлашда БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлигини рағбатлантириши лозим.

Дэвид Кейга кўра, Буш маъмурияти аъзолари эътиборни Эроннинг гумон қилинаётган қуроллар дастуридан ташқари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлигига ҳам қаратмоқда. Масалан, яқинда АҚШ Давлат котиби Кондолизза Райс Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини “аянчли”, дея баҳолаган. Мутахассис фикрича, агар Эронда қуроллар дастури амалга оширилаётганини тасдиқловчи далиллар топилмаса, Оқ Уйнинг Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатига айнан инсон ҳуқуқлари масаласи баҳона бўлиши мумкин.

”Менимча, Буш маъмурияти Эрон режимига қаршилигининг бир неча сабабини таъкидлашда анча эҳтиёткорлик қилмоқда. Муаммо шундан иборатки, Ироқ мисолидаги каби, дунёнинг аксарият ҳукумат-ларини оммавий қирғин қуроллари ташвишга солади. Лекин улар инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлиги ва демократик ташкилотлар масаласи бир давлат-га қарши ҳарбий куч ишлатиш ва хатто иқтисодий санкция жорий этиш учун етарли асос бўлади,деб ҳисобламайди”, - дейди америкалик мутахассис.

Дэвид Кей фикрича, Оқ Уй расмийлари келтираётган асослар бошқа давлатлар ва БМТ Хавфсизлик кенгашини Американинг Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун етарли сабаб бўлолмайди:

”Президент Буш маъмурияти олиб бораётган ўз сиёсатини халқаро коалиция қўллаб-қувватлашини, шунингдек, далиллар билан исботлаш муаммо бўлиб қолаётган оммавий қирғин қуроллари масаласидаги хатти-ҳаракатларига БМТ томонидан қонуний мақом берилишини хоҳлайди”, – дейди америкалик таҳлилчи.

“Вашингтон Пост” газетасидаги мақоласида Дэвид Кей Эрон ҳукуматининг ядровий қуролга эга бўлиш истаги борлиги ва ядровий қуролга эга бўлган Эрон дунё учун хатарли давлат бўлишига шубҳа билдирмайди. Айни пайтда, америкалик мутахассис фикрича, Оқ Уй маъмурияти ҳарбий куч ишлатилишидан аввал Эроннинг ядровий дастурига тўғри баҳо бераётгани ва муаммони тинч йўллар орқали ҳал қилиш учун бор имкониятни ишга солганини ҳозирча исботлагани йўқ.
XS
SM
MD
LG