Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:04

Ўзбекистонда уйидан кетиб қолаётган ёшлар кўпаймоқда


Феруза Кузатувчиларнинг эътирофича, Ўзбекистонда кейинги йилларда вояга етмаган болаларнинг ўз уйидан кетиб қолиш ёки бедарак йўқолиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Руҳшунос олима Надежда Белкованинг фикрича, болаларнинг уйларини тарк этаётганига сабаблар кўп. Масалан, ўсмирларнинг ҳам ўз эҳтиёжлари бор. Бу эҳтиёжларни қондириш йўлида уларни на миллий қадриятлар, на ота-оналар назорати тўхтатиб қола олади. Қолаверса, телевидениедаги айрим кўрсатувлар, фильмлар ва матбуотдаги баъзи материаллар ҳам болада уйдан кетишга ундайдиган нотўғри тасаввур уйғонишига олиб келиши мумкин.

“Иқбол” ёшлар маркази раҳбари Нигор Ғаффорованинг сўзларига қараганда, уйдан чиқиб кетаётган ёшлар кўп ҳолларда одам савдоси қурбонларига айланмоқда. Жиноий гуруҳлар бундай болаларнинг эҳтиёжларини яхши ўрганиб олган ва шу сабабли уларни осон алдай олади.

Ўзбекистон телевидениесидаги “Меҳр кўзда” кўрсатуви бошловчиси Асрор Аброрхужаев болалар уйдаги шароит ва муҳит яхши эмаслиги туфайли кетиб қолаётганини таъкидлади.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошевнинг билдиришича, ўзбекистонлик ёшларнинг уйдан чиқиб кетишини Ғарбдаги болаларнинг айни шундай хатти-ҳаракатларига асло солиштириб бўлмайди. Зеро, Ғарбда 18 ёшдан кейин ёшларнинг мустақил яшаш ва ишлаши менталитетга айланган. Ўзбекистонда эса ёшлар умидсиз, муҳофазасиз, пулсиз ҳолда уйдан чиқиб кетмоқда.

Т.Йўлдошевнинг эътирофича, Ўзбекистон дунёнинг энг қолоқ ва қашшоқ мамлакатлари қатори халқаро жиноий гуруҳлар учун энг даромадли ҳудудга айланиб бормоқда. Ўзбекистонликлар энг арзон ишчи кучи, энг арзон фоҳишалар, наркотик моддаларни керакли манзилга етказувчи энг арзон воситачиларга айланмоқда. Ўзбекистон инсон аъзолар сотиладиган мамлакатлар сафига қўшилган.
XS
SM
MD
LG