Линклар

logo-print

Гадойларнинг Президентдан ҳам умиди сўнди


Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманилик икки гадой аёл – 68 ёшли Солия Хўжабоева ва 46 ёшли Ойпошша Шомуродованинг садақадан тушган пулларни йиғиб, Президентдан ёрдам сўраш учун Тошкентга қилган сафари самарасиз якунланди.

С.Хўжабоеванинг сўзларига қараганда, улар давлат раҳбари билан учрашиш учун Президент девони қабулхонасида, Президент ўтадиган йўлларда пойлаб ётган. Уларни қаерга борса, милиция ходимлари ҳайдаб юборган. Хуллас, Президент билан учраша олмай, ҳеч қандай ёрдам кўрмай Хоразмга қайтишган.

С.Хўжабоева О.Шомуродова билан Тошкентда ҳам тиламчилик орқасидан кун кўрганини айтди.

3 ўғил, 3 қизнинг онаси, 22 набира, 8 эваранинг бувиси Солия момо 10 ёшли набираси билан 2 йилдан буён Қўшкўпир тумани стадионига қарашли бир хона ва даҳлиздан иборат уйда яшайди. Бу уйда рўзғор учун энг зарур жиҳозлар ҳам йўқ.

Момонинг айтишича, 14 минг сўм нафақа олади. Болаларидан эса ҳеч қачон ёрдам кутмайди. Чунки уларнинг ўзлари ҳам жуда оғир аҳволда яшамоқда.

О.Шомуродованинг икки хонадан иборат ғарибона кулбаси казо-казоларнинг данғиллама иморатлари, янги қурилаётган дала ҳовлилари қаторида жойлашган. Бу уйда битта эски сандиқ ва кроват, харид қилинганига 30 йил бўлган “Рекорд” русумли телевизордан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Тиланчилик орқасидан кун кўраётган бу аёллар ўзларига ҳеч ким томонидан ёрдам кўрсатилмаётганидан нолийди. Уларнинг ҳокимликларга кўмак сўраб қилган мурожаатлари ҳам бесамар кетмоқда.

Аёлларнинг ягона умиди Тошкентга бориб, Президентдан ёрдам сўраш эди. Энди бу умид ҳам пучга чиққач, улар уйма-уй юриб, тиланчиликни давом эттирмоқда.
XS
SM
MD
LG