Линклар

Қишлоқликлар спорт майдони учун ер ажратилиши сўраяпти


Турғунбек Андижондаги айрим туманларда ширкат хўжаликлари тугатилиб, ер фермерларга бўлиб берилмоқда. Шаҳрихонлик бир гуруҳ фуқаролар тугатилаётган ширкат хўжалигидан спорт мажмуи қуриш учун ер ажратилишини сўрамоқда.

Тумандаги Ғуломжон Жўраев номидаги ширкат хўжалигида жойлашган 21-мактаб жамоасидан элликка яқин киши имзо чеккан ариза вилоят ва туман ҳокимларига, бир қанча ташкилотларга жўнатилди.

Спорт мураббийси Аббосхон Солиевнинг сўзларига қараганда, аризада айни пайтда фермер хўжаликларига айлантирилаётган ширкатга қарашли спорт залини халқ ихтиёрига қолдириш ёки спортчиларга ҳомийлик кўрсатаётган бирорта фермерга бериш сўралган. Шунингдек, аризадан спорт мажмуи қуриш учун ер ажратиб бериш таклифи ҳам ўрин олган.

Фуқароларнинг таъкидлашича, шу ерлик ёшлар спортга жуда қизиқади. Улар орасида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, кикбоксинг бўйича халқаро турнирлар ғолиблари бор.

Фуқаролар ширкат фермер хўжаликларига айлантирилгач, спортга эътибор ҳозиргидан ҳам беш баттар бўлишидан хавотир билдирди.

Ширкат хўжалиги Янгийўл қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. Йиғин раиси Ботир Мирзақосимовнинг айтишича, мазкур қишлоқ фуқаролар йиғинида 13 минг аҳоли яшайди.

“Уларнинг спорт билан шуғулланиши учун йиғин ҳудудидаги тўртта мактабнинг спорт майдонлари етарли. Бу мактабларнинг иккитасида спорт зали ҳам бор. Қолаверса, ширкат аъзолари учун бир гектар майдондаги стадион ҳам ажратилган. Мен аҳолимизнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит етарли ҳисоблайман”, - деди Б.Мирзақосимов.
XS
SM
MD
LG