Линклар

logo-print

Пикетчиларни “осойишталик тарафдорлари” калтаклади

  • Садриддин Ашур

9 февраль куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги олдида норозилик акцияси ўтказилаётган пайтда “Эрк” партияси аъзоси ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматов ҳамда “Озод деҳқонлар” партияси аъзоси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева бир гуруҳ номаълум аёллар томонидан калтакланди.

Жорий йил бошидан буён “Эрк” партияси ташаббуси ва “Озод деҳқонлар” партияси ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қўллаб-қувватлаши билан Тошкентда пикетлар ўтказиб келинмоқда. Бу пикетларда сиёсий маҳбусларни озод этиш, судларга мустақиллик бериш, сўз эркинлигини таъминлаш, милиция зўравонлигига чек қўйиш каби талаблар илгари суриляпти.

9 февраль куни ҳам Тошкент шаҳри ҳокимлиги биносини пикет қилиш режалаштирилганди. Эрталаб ўнда бу ерга пикетчилардан беш киши етиб келди. Улар қўлларида зарғалдоқ рангли плакат ва байроқлар кўтариб, ўн минутча турган пайтда бир гуруҳ номаълум аёллар ҳужумига учради.

Пикетчиларнинг айтишича, аёллар Е.Урлаевани йиқитиб, роса калтаклаган. А.Бойматовнинг авзойи бадани тирнаб ташланган. Бошқа пикетчилар ҳам номаълум аёллар калтагидан бебаҳра қолмаган.

“Қўлимдаги сумкани тортиб олиб, ярим соат давомида уриб, тирнаб, юлиб ташлашди. Сумкада паспортим, ҳарбий билетим, бошқа муҳим ҳужжатлар бор эди. Мен бу аёлларни танийман. Улар илгари ҳам бир неча тадбирларимизни бузишга уриниб кўрган. Улар ҳукумат томонидан ёлланган аёллар. Шу атрофда кўплаб милиция ходимлари юрган эди. Лекин милиционерларнинг бирортаси бизни ҳимоя қилмади”, - деди А.Бойматов.

Ушбу калтакланишдан кейин Е.Урлаева шифохонага тушди. Даволовчи шифокорнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, Е.Урлаеванинг бош мияси чайқалган. У боши, кўкрак қисми, буйраклари кучли оғриётганидан шикоят қилмоқда.

А.Бойматов пикетларни тарқатишда ёлланган оддий одамларни ишга солиш усули яқинда пайдо бўлгани таъкидлади ва 1 февраль куни Жиззахдаги Дўстлик тумани ҳокимлигини пикет қилган фермерлар ҳам ёлланган каратэчилар томонидан калтакланганини эслатди.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, норозилик акцияларини бу усулда бостириш ҳукумат юргизаётган сиёсатнинг бир қисмидир. Агар пикетлар милиция кийимидаги шахслар томонидан бостирилса, қаттиқ норозилик келиб чиқишини ҳукумат яхши тушунади. Шунинг учун у гўёки мамлакатда тинчлик ва осойишталик тарафдорлари бўлган ёлланган фуқароларни пикетчиларга қарши қўймоқда.

“Ҳукумат қанчадан-қанча чигал жиноятларни очишга қодир, лекин хамманинг, жумладан, милиция ходимларининг кўз ўнгида безорилик қилган кимсаларни топиб, жиноий жавобгарликка тортмайди. Бу ишлар ким томонидан ташкил этилаётгани шундан ҳам маълум бўлади”, - деди И.Худойберганов.
XS
SM
MD
LG