Линклар

logo-print

Франциянинг Ницца шаҳрида НАТОга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари учрашуви бошланди

  • Ҳасанжон

Чоршанба куни Франциянинг Ницца шаҳрида НАТОга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари учрашуви бошланди. Икки кунлик мазкур норасмий йиғилишда Афғонистон, Ироқ ва Болқондаги вазият билан боғлиқ масалалар кўрилади. Бундан ташқари Ницца учрашувида НАТОга аъзо давлат раҳбарларининг 22 февралда Брюсселда бўладиган саммитида кўриладиган масалалар ҳам муҳокама этилади.

НАТО Матбуот вакили Жеймс Аппатурай мудофаа вазирларининг норасмий йиғилишида қандай масалалар кўрилиши ҳақида Озодлик радиосига бундай деди:

”Мазкур учрашувни 22 февралда Брюсселда ўтадиган НАТО саммитига тайёргарлик, дейиш мумкин. АҚШ Президенти Жорж Буш ва НАТО Иттифоқига аъзо 25 давлат раҳбарлари Ироқ, Афғонистон ва Болқонда амалга ошириладиган режалар борасида сиёсий сўзлашув олиб борадилар”.

22 феврал куни бўладиган Брюссел саммитида АҚШ Давлат котиби Кондолизза Райс НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан Иттифоқ ваколатлари доирасига кирувчи сиёсий масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Аппатурайга кўра, НАТО Ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан фарқли равишда Мудофаа вазирлари учрашувида НАТО амалга ошираётган операцияларининг техник жиҳатлари муҳокама этилади:

”Мудофаа вазирларининг Ница учрашувида асосий эътибор мудофаа масалалари, хусусан Ироқдаги миссияни бажариш, Афғонистон ва Косоводаги операциялар билан боғлиқ масалаларга қаратилади. Йиғилиш қатнашчилари Иттифоқ доирасида ҳарбий ислоҳотлар жараёнини давом эттириш, хусусан НАТО давлатлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қуролли кучларни замонавийлаштириш, Европа ва Америкадаги НАТО кучлари мувозанатини сақлаш каби масалаларни муҳокама қиладилар”, – дейди НАТО вакили.

Ницца учрашувида АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд европалик ҳамкасбларини Афғонистонга қўшимча куч жўнатишга чақириши кутилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, БМТ мандати асосида Афғонистонда фаолият юритаётган НАТО кучларини мамлакатнинг ғарбий ва жанубий минтақаларига жойлаштиришдан иборат.

НАТО вакили Аппатурайга кўра, бу масалада НАТО мудофаа вазирларининг келишувга эришиши кутилмоқда. Ницца учрашувида НАТОга аъзо давлатлар қўшинларини Ироққа жўнатиш масаласи ҳам кўтарилади.

Ҳарбий масалалар бўйича мустақил кузатувчи Пол Бийвер фикрича, Америка Европа давлатларининг Ироққа кўп сонли қўшин жўнатишни кутишига вақт хали эрта. Айни пайтда, британиялик мутахассис Афғонистоннинг ғарбий ва жанубий минтақаларига НАТО қўшинларини жойлаштириш мақсадга мувофиқлигини айтади:

”Менимча, Афғонистондаги Халқаро кучларни мамлакатнинг нафақат ғарбий балки, жанубий минтақасига ҳам жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. НАТОнинг тезкор кучлари Афғонистоннинг бу минтақаларида толибларга қарши ҳарбий операциялар амалга ошириб, уларни мағлубиятга учратмоқда. Менимча, бу жуда тўғри қарор. Менимча, бу шу вазифани бажара оладиган дунёдаги ягона куч”, – дейди британиялик таҳлилчи.

Чоршанба куни АҚШ Давлат Котиби Кондолизза Райс НАТО давлатларини Ироқдаги вазиятни барқарорлаштиришда фаол қатнашишга чақирди. Райс НАТОнинг бу борадаги таклифлари АҚШ Президенти Жорж Бушнинг шу ой охирида Европага режалаштирган сафари бошлангунича тайёр бўлиши кераклигини айтди.

Айни пайтда, чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати НАТО Мудофаа вазирларининг Ницце учрашувида Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов ҳам қатнашишини билдирди. ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Сергей Иванов НАТО вазирлари билан музокара чоғида терроризмга қарши кураш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, уруш ҳаракатлари бўлаётган Ироқ, Афғонистон ва Яқин Шарқ минтақаларидаги вазиятни муҳокама қилади.
XS
SM
MD
LG