Линклар

Хитой календари бўйича янги хўроз йили бошланди

  • Ҳасанжон

Хитой календари бўйича маймун йили тугаб, 9 февралда хўроз йили бошланди. Сешанба куни тунда Хитойнинг бир миллиард 300 миллиондан ортиқ аҳолиси, шунингдек дунёнинг кўпгина давлатларида яшаётган хитойликлар янги йилни катта байрам тантаналари билан кутиб олдилар. Хитойда бир ҳафталик янги йил таътили ана шу тарзда бошланди. Янги йил баҳонасида миллионлаб ёшлар ўзлари ишлаётган ва ўқиётган шаҳарлардан ота-оналари ва яқинларини кўриш учун бошқа шаҳар ва қишлоқларга борадилар. Астрологларга кўра, Хитой календари бўйича хўроз йилида тижорат яхши бўлади, аммо хўроз йили турмуш қуриш учун яхши йил эмас.

Қишнинг қаҳратон совуғига қарамай, ўн минглаб хитойликлар янги йил кечаси тантаналарини томоша қилиш ва байрам учун тайёрланган махсус таомлардан татиб кўриш учун пойтахт Пекиндаги Дитан паркига борди.

Янги йилда омад ва бахт ёр бўлишини орзу қилиб, танга отаётган Қин Сиши исмли талаба Хитойнинг янги йили ҳақида бундай деди:

”Бу майдон одамлар тўпланиб, бирга хурсандчилик қиладиган жой. Бу ўйин янги йилда омадни қўлга киритиш ҳақида. Агар сиз оломон орасидан тангани илиб олсангиз, янги йил сиз учун жуда яхши келади. Ўқиш ва тижоратда муваффақиятга эришиб, бой бўласиз”, - дейди хитойлик талаба.

Хитойда 1911 йилдан бери расман Григорий календарига амал қилиб келинаётганига қарамай, хитойликлар ўн икки ҳайвон номи билан аталган қадимий мучал календаридаги янги йилни катта шоду-хуррамлик билан нишонлайдилар.

Сешанба куни маймун йили тугаб, чоршанба куни хўроз йили бошлангани ҳақида бояроқ айтган эдик. Хитойликлар хўрозга ҳам мақтанчоқ, ҳам ўта меҳнаткаш парранда сифатида қарайди. Хитой астрологлари фикрича, бу йил Хитой иқтисодиётида муваффақият билан бир қаторда муваффақиятсизлик ҳам кузатилиши мумкин.

Куала Лумпур шаҳридаги хитойлик астролог Мастер Чин бу ҳақда Озодлик радиосига шундай деди:

”Хўроз йили жаҳон миқёсидаги тадбирлар учун жуда яхши эмас. Мен сизга бу йил кўп марта кучли ёмғир ёғиши, бўрон билан жала юз бериши ҳақида гапиряпман. Янги йилнинг биринчи олти ойи жуда ёмон бўлади. Кейинги олти ой давомида вазият яхшиланади”, - дейди хитойлик астролог.

Қадимдан қолган одатга кўра, хитойликлар хўроз йилида турмуш қуришни хоҳлашмайди. Шу боис Хитой, Тайван, Гонконг ва Сингапурда яшовчи кўпгина ёшлар маймун йилининг сўнгги кунларида шоша-пиша никоҳдан ўтдилар.

Хитой шаҳарларида янги йил кечасини катта майдонда нишонлаш, хусусан турли ранглар билан осмонни бир зум ёритиб, жилолантириб юборадиган мушакбозликни томоша қилиш, байрам учун тайёрланган махсус таомлардан тановул қилиш ва турли ўйинларни ўйнаш яхши йўлга қўйилган. Бундай тадбирларда турли кўнгилсиз ходисалар ҳам юз беради. Масалан, ўтган йил феврал ойида пойтахт Пекин ташқарисидаги Миюн паркига осмонга турли рангда нур таратиб кўрсатиладиган томошага хаддан зиёд одам тўпланди. Оломон ҳосил қилган тиқилинч оқибатда 37 одам нобуд бўлди. Шу сабабли жорий йилда бу тадбир бекор қилиниб, ўрнига мушакбозлик бўлди.

Аксарият хитойликлар мушакбозлик шайтон ва ёмон рухларни чўчитиб, омадсизликни хайдашига ишонадилар.

Хитойда янги йилда болаларга хатжилдга пул солиб бериш қадим замонлардан бери урф бўлиб келган. Хитойликлар бу пул йил давомида болаларни турли нохушликлар ва балолардан асрашига ишонади. Айни пайтда янги йилнинг бу одати амалдорлар учун ҳам мўмай даромад орттириш учун қулай фурсат ҳисобланади. Амал пиллапояларидан юқорига кўтарилишни орзу қилган амалдорлар янги йилда катта хўжайинларига “совға”, яъни, пора берадилар. Бундай пора қиймати берувчининг айнан нимани хоҳлашига боғлиқ. Давлатга қарашли Синхуа ахборот агентлиги шу ҳафтада тарқатган хабарга кўра, Хитойда янги йил байрами баҳонасида бериладиган пора миқдори давлат расмийлари йил давомида фуқаролардан оладиган пора миқдорининг учдан бирини ташкил қилади. Хитой қонунларига кўра, агар давлат расмийсига берилган совға қиймати 50 юан, яъни, олти АҚШ долларидан ошса, у бу ҳақда давлатга ҳисобот бериши керак. Лекин Хитойда бу қонунга жуда камчилик риоя қилади.
XS
SM
MD
LG