Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:14

Холис ниятда чиқарилган антиқа қарор


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 610-қарорига мувофиқ 2005 йил 1 январдан бошлаб мамлакатдаги барча корхона, ташкилот ва ишлаб чиқариш субъектлари мактабларни ривожлантириш учун ўз товар айланмасининг бир фоизи миқдорида мажбурий солиқ тўлайдиган бўлди.

Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси Аваз Алимбоевнинг сўзларига қараганда, мажбурий солиқ Молия вазирлиги ҳузуридаги махсус жамғармага келиб тушади. Жамғарма эса бу маблағни мактабларни қайта жиҳозлаш ва ўқитувчилар маошини оширишга йўналтиради.

Тадбиркорлар ва корхона раҳбарлари учун бу қарор жуда кутилмаган бўлди ва кескин норозилик билан кутиб олинди.

Тадбиркор Маъруфжон Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, бундай антиқа қарорни ўйлаб топишнинг ўзи ақлга тўғри келмайди. Бу қарор бизнес ривожи учун катта зарба бўлади.

“Бу қарорда корхона ва ташкилотларнинг имкониятлари эътиборга олинмагани жуда катта хатодир. Зўрға ишлаётган, банкрот ҳолатдаги хўжалик субъектлари бир тийин ҳам ўтказа бера олмайди. Қолаверса, ҳозир бир амаллаб ишлаётган тадбиркорларнинг ҳолига вой бўлади”, - деди М.Абдураҳмонов.

Оддий кишилар бу қарор нарх-навонинг янада кўтарилиб кетишига олиб келишидан хавотирга тушмоқда. Уларнинг фикрича, қўшимча солиқ тўлаган тадбиркор харажатини чиқариш учун маҳсулотни қимматроқ сотишга ҳаракат қилади. Бу эса, биринчи навбатда, халқ елкасига навбатдаги юк бўлиб тушади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг эътирофича, ният ҳар қанча холис бўлмасин, бу қарор тадбиркорларни янада оғир аҳволга тушириб қўяди. Мамлакат иқтисодиёти бундан фақат зарар кўради.

Мана шундай хавотирларга қарамай, Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси А.Алимбоев янги солиқ корхоналар, кичик ва ўрта бизнес вакилларига ортиқча юк бўлмаслигини билдирди. Чунки, деди у, кичик ва ўрта бизнес субъектлари тўлайдиган ягона даромад солиғи бу йил 13 фоиздан 12 фоизга туширилди. Корхона ва ташкилотлар тўлайдиган бу турдаги солиқ эса 18 дан 15 фоизга камайтирилди.
XS
SM
MD
LG