Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:14

Боғчалардаги диний-маърифий таълим яхши натижа беряпти


Лобар 2003 йил 22 августда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси диний йўналишдаги маънавий-маърифий таълим ишларини такомиллаштиришга қаратилган 364-қарорини қабул қилган эди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш учун мамлакатнинг бир қанча мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги айрим синф ҳамда гуруҳлар танлаб олиниб, диний таълим бўйича тажриба-синов ишлари давом эттириляпти.

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Наврўз” мактабгача таълим муассасида диний йўналишда “Одоб дурдоналари” тажриба-синов машғулотлари йўлга қўйилганига анча вақт бўлди.

Тарбиячиларнинг сўзларига қараганда, машғулотларда болаларга ҳадислардан намуналар, одоб-ахлоқ қоидалари, бошланғич диний маълумотлар ўргатилади.

Боғча болалари билан суҳбатлашиб, уларнинг анча-мунча билимга эга бўлганини кўриш мумкин. Улар ҳадислардан намуналарни, Ислом динининг асослари ҳақида бемалол айтиб бера олади.

Боғча мудираси Гулчеҳра Зокированинг билдиришича, “Наврўз”да 200 га яқин бола тарбияланади. Кичик ёшлилар гуруҳларидан ташқари 6 гуруҳда “Одоб дурдоналари” машғулоти ўтказилади. Тажриба гуруҳларидаги болаларнинг оилада ва кўча-кўйда ўзини тутишида анча ижобий ўзгаришлар бор.

Боғча мудирасининг гапларини ота-оналар ҳам тасдиқлайди. Улар фарзандларидаги ижобий ўзгаришларни кўриб хурсандлигини яширмаяпти.

Боғчадаги тажриба гуруҳларидан мактабга чиққан болалар бошқа тенгқурларидан нафақат одоби, балки билимларни ўзлаштириш жиҳатдан ҳам ажралиб турмоқда.

Боғча услубчиси Каромат Худойназарованинг таъкидлашича, машғулотларни талаб даражасида ўтиш учун кўргазмали қуроллар, жумладан, сифатли рангли расмлар керак бўлади. Бироқ ҳозир уларнинг етишмаслиги муаммо бўлиб турибди.

Сирдарё вилояти бош имом хатиби Мўминжон Усмонов таълим муассасалари дастурига киритилаётган бу каби ўзгаришлар жамият учун жуда катта фойда келтиради, деган фикрда.

Унинг айтишича, ёш болаларга динни тушунтириб, эътиқодли, диёнатли, қаноатли этиб тарбиялаб, вояга етказиш оиланинг ҳам, жамиятнинг ҳам бахти бўлади.
XS
SM
MD
LG