Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:13

Европа Иттифоқи Эрон ядровий қурол яратишга уринмаётгани ҳақида кафолат беришни Теҳрон расмийларидан талаб қилди


Сешанба куни Женева шаҳрида Европа Иттифоқи вакиллари ва Эрон расмийлари ўртасида ёпиқ эшиклар ортида уч кунлик музокара бошлангани ҳақида аввал хабар берган эдик. Европа Иттифоқи номидан Теҳрон расмийлари билан музокара олиб бораётган Британия, Франция ва Германия дипломатлари Эрондан уранни бойитиш дастуридан воз кечишини сўрашмоқда. Мутахассислар фикрича, агар Эрон ядровий қуролга эга бўлса, дунёдаги ҳарбий мувозанатни издан чиқариб, халқаро ҳамжамиятга таҳдид солади. Шу кунларда Европа давлатларига сафарда бўлган АҚШ Давлат Котиби Кондолизза Райс чоршанба куни Европа расмийларини Эронга нисбатан кескинроқ ёншашишни сўради.

Женевада музокара олиб борган Европа Иттифоқи расмийлари Эрон ядровий қурол яратишга уринмаётгани ҳақида Теҳрон расмийларидан кафолат беришни талаб қилди. Европа давлатларига сафар қилаётган АҚШ Давлат котиби Кондолизза Райс эса Европадан Эронга нисбатан кескинроқ ёншашишни сўради.

Айни пайтда, АҚШ Давлат Котиби Эрон масаласида Европа ва Америка якдил эканини таъкидлади:

”Халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган Эрон масаласида Европа Иттифоқи билан бизнинг мақсадимиз бир. Халқаро Атом энергияси агентлигига аъзо аксарият давлатлар ҳам ядро қувватидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш баҳонасида Эроннинг ядровий қурол яратишга уринаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Эроннинг бундай хатти-ҳаракати оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро қонунга зид”, - деди АҚШ Давлат Котиби.

АҚШ Президенти Жорж Буш Эроннинг ядровий дастури ҳақидаги Давлат Котиби чақириғини Европа Иттифоқи раҳбарлари қабул қилганидан мамнунлигини билдирди:

”Эронликлар эркин дунё вакиллари якдиллик билан ядровий қурол яратманг, дея огоҳлантираётганини билиши лозим. Бунинг асосий сабаби, агар Эрон ядровий қуролга эга бўлса, у дунёдаги беқақорлаштирувчи кучга айланади”, - деди АҚШ Президенти.

Жорж Буш Эрон ядровий дастури борасида АҚШ Европа Иттифоқи билан муштарак сиёсат олиб боришини таъкидлади:

”Мен Европага сафарим давомида иттифоқчиларимиз билан Эрон ядровий дастури муҳокамасини давом эттириш ниятидаман. Бу масалада муштарак сиёсат олиб бориш жуда муҳим”, - деди АҚШ Президенти.

Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазири Камол Харрозий ядровий дастур борасида текширув олиб бораётган Халқаро атом энергияси агентлигидан Эроннинг яширадиган сири йўқлигини билдирди.

Ҳозир Японияда сафарда бўлган Харрозий пайшанба куни Токиода Япония Ташқи ишлар вазири Нобутака Мачимура билан учрашди. Музокарадан кейин бўлиб ўтган матбуот конфернциясида Харрозий Мачимурани Эроннинг ядровий дастури тинчлик мақсадларига қаратилганини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги билан аввалгидек ҳамкорликни, Европа Иттифоқи вакиллари билан эса сўзлашувларни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG