Линклар

Шимолий Корея олти томонлама музокараларда қатнашмаслигини эълон қилди

  • Ҳасанжон

Халқаро ҳамжамият Теҳрон расмийларини ўзининг ядровий дастуридан воз кечишга кўндириш учун музокаралар олиб бораётган бир пайтда, кўп йиллардан буён ядровий қуролга эга бўлиш илинжида саъй ҳаракат олиб бораётган Шимолий Корея пайшанба куни ўзи ядровий дастури масаласида олиб борилаётган олти томонлама музокараларда қатнашмаслигини эълон қилди. Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги 10 феврал куни тарқатган баёнотда айтилишича, мамлакат ўз-ўзини мудофаа қилиш мақсадида ядровий қурол яратган.

Пайшанба куни Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ўзини мудофаа қилиш мақсадида ядровий қурол яратганини маълум қилиб, мамлакат ядровий дастури борасида олиб борилаётган олти томонлама музокараларда бундан сўнг қатнашмаслигини эълон қилди.

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда билдирилишича, Пхенян расмийлари АҚШнинг Шимолий Кореяга нисбатан душманчилик сиёсати туфайли олти томонлама музокараларда қатнашишни вақтинчалик тўхтатишга қарор қилган.

Маълумки, АҚШ, Россия, Хитой, Япония ва Жанубий Корея вакиллари бир неча йилдан бери Пхенян расмийлари билан Шимолий Кореянинг ядровий дастури борасида музокара олиб бормоқда. Лекин бу сўзлашувлар Пекин коммунистлари ёндашуви сабабли тўхтаб қолди.

Вашингтон расмийлари музокараларни қайта жонлантириш мақсадда ўтган ҳафта минтақага АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жон Болтонни жўнатди.

Пайшанба куни Шимолий Корея олти томонлама музокараларда иштирок этмаслигини эълон қилиши билан Япония Бош вазири Юнихиро Коизуми бу ҳали ҳамма нарса тугаганини англатмаслигини айтди:

”Биз бошқа давлатлар билан музокараларни давом эттиришга Шимолий Кореяни кўндиришга ҳаракат қиламиз. Олти томонлама музокаралардан, биринчи навбатда Шимолий Корея манфаатдор”.

Пхенян расмийлари иддао қилаётган ядровий қурол масаласига тўхталган Юнихиро Коизуми бу борада эҳтиёткор фикр билдирди:

”Менимча, бу олти томонлама музокара чоғида муҳокама этиладиган масала. Ядро қуролидан воз кечиш аввало Шимолий Корея учун фойдали. Биз шуни таъкидлашни давом эттиришимиз керак”, - деди Япония бош вазири.

Пайшанба куни АҚШ Давлат котиби Кондолизза Райс Шимолий Корея ҳукуматининг музокараларда қатнашмаслик тўғрисидаги қарори мамлакатни чуқурроқ изоляцияда қолдиришини таъкидлади.

Айни пайтда, АҚШ Давлат котиби Шимолий Корея бўҳронини ҳал этиш мумкинлигига умид билдирди:

”АҚШ ўз иттифоқчилари Корея республикаси, жанубий кореяликлар билан бирга,Корея ярим оролидаги имкониятларимизга таянган ҳолда, Шимолий Корея солаётган таҳдидни шубҳасиз бартараф эта олади. Менимча, Шимолий Корея буни яхши тушунади. Лекин биз Шимолий Кореяга бошқа йўл ҳам борлигини кўрсатяпмиз”, - деди АҚШ Давлат Котиби Кондолизза Райс.
XS
SM
MD
LG