Линклар

Бугун Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги ўзининг ядровий дастури борасидаги музокаралардан чиқишини ҳамда Шимолий Корея ядровий қурол ишлаб чиқарганини маълум қилди.


Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Шимолий Корея олти давлат иштирокидаги музокаралардан номаълум муддатга чиқиши айтилади. Шунингдек унда, Қўшма Штатлар Шимолий Корея ҳукуматини ағдаришга уринаётганликда айбланади.
“Биз аллақачон Ядровий Қуролларни Тарқатмаслик ҳақидаги битимдан чиқиш учун чораларни кўрдик ҳамда ўзимизни ҳимоя қилиш учун ва Буш маъмуриятининг Корея Халқ Демократик Республикасини дунёдан ажратиб қўйиш ва унга босим ўтказиш сиёсатига қарши ядровий қурол ишлаб чиқдик”, - деди Шимолий Корея ҳукуматининг баёнотини ўқиб эшиттирган телевидение диктори.
Баёнотга жавобан, АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Шимолий Корея баёнотининг ўзи унинг дунёдан ажралишига олиб келаётганини айтди.
Жанубий Корея, АҚШ, Хитой, Россия ҳамда Япония 2003 йилдан бери Шимолий Корея билан унинг ядровий дастурларини тўхтатишга қаратилган музокараларни олиб бораётган эди. Музокараларнинг учта босқичи бўлиб ўтган эди. Музокараларнинг сентябр ойига белгиланган тўртинчи босқичи Шимолий Корея ундан қатнашишдан бош тортгани туфайли қолдирилган эди.
XS
SM
MD
LG