Линклар

Арнасой сув омбори ишга тушди, лекин…

  • Барно Анвар

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистоннинг Ҳайдар-Арнасой кўллар тизимига Сирдарё ва Қозоғистоннинг Чордара сув омборидан секундига 1000 куб метр ҳажмда сув келиб тушмоқда.

Чордара сув омборида керагидан ортиқча сув тўпланиб қолаётгани, Сирдарё ўзани ортиқча сувни сиғдира олмай, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларини сув босаётгани муаммоси ҳамон долзарб бўлиб турибди.

5 миллиард 200 миллион куб метр ҳажмга эга бўлган Чордарадаги сув кундан-кунга кўпайиб боряпти. Бунга эса Қирғизистоннинг Тўхтағўл сув омборидан энергетика мақсадида фойдаланилаётгани сабаб бўляпти. Яъни бу ерда қишда сув тўпланиш ўрнига электр энергияси ишлаб чиқариш учун оқизиб юбориляпти.

Мазкур муаммони бартараф этиш учун ўтган йили жиддий таклифлар ўртага ташланганди. Қозоғистон Қирғизистонга зарур миқдорда ёқилғи етказиб бериши ҳисобига Тўхтағўлдан сув оқизиб юборилиши тўхтатилиши, Чордарадан чиқадиган ортиқча сув эса Ҳайдар-Арнасой кўллар тизимига йўналтирилиши юзасидан келишувга эришилганди. Шунингдек, Ўзбекистон ортиқча сувни қабул қилиш учун Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги сув омбори қурилишини тезлатишга ваъда берганди.

Аммо Арнасой сув омбори айтилган муддатдан анча кеч, жорий йилнинг 1 февралида ишга тушди. У ҳозир секундига 200 куб метр сувни қабул қилмоқда. Ҳайдар-Арнасой кўллар тизимига эса шу кунларда секундига 1000 куб метр сув келиб тушмоқда.

Эколог олим Баҳодир Баҳриддиновнинг сўзларига қараганда, меъёридан ортиқча сув тушиши оқибатида илгари 3 миллиард куб метр ҳажмда сув тўпланган Ҳайдар-Арнасой кўллар тизимида ҳозир 10 миллиард куб метр сув йиғилган. Кўл энига 20 километрга кенгайиб кетган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Сув муаммолари институти директори Эрназар Маҳмудовнинг таъкидлашича, кўл кенгайишда давом этяпти ва узунлиги 120 километрга етган. Кўлнинг кенгайишини тўхтатиш мақсадида қурилган Арнасой сув омбори эса жами 600 миллион куб метр сув сиғдириши мумкин. Мамлакатда қурилаётган Резаксой сув омбори сиғими ҳам катта эмас. Баҳор бошланиб, Сирдарёда сув кўтарилиши туфайли Чордарага ва у орқали Ҳайдар-Арнасой кўллар тизимига келиб тушадиган сув ҳажми янада ортиши мумкин.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган расмийлардан бири бу йил Арнасойга тушадиган сув ҳажми ўтган йилгидан икки баробар кўп бўлиши кутилаётганини, аҳвол жуда жиддийлигини маълум қилди.

Э.Маҳмудовнинг билдиришича, Сув муаммолари институти Арнасойдаги сувнинг оқувчанлигини таъминлаш, шу орқали кўл сатҳини бир хил ушлаб туриш тизимининг илмий асосини ишлаб чиққан. Ҳозирча бу лойиҳани амалга ошириш ва катта сув тошқинлари хавфини бартараф этиш имконияти бор. Аммо вақтида тегишли чоралар кўрилмаса, ортиқча сув муаммоси ўтган йилгидек ечилмай қолиб кетса, имконият қўлдан кетиши, натижада Ўзбекистон ва Қозоғистон учун катта йўқотишлар бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG