Линклар

Маош кам, унинг ҳам бир қисми чек билан берилади


Ойлик маошларнинг камлиги, ўз вақтида берилмаслиги Хоразм ва Қорақалпоғистонда аҳолининг ижтимоий аҳволи тобора ёмонлашиб боришига, ишсизлик кўпайишига сабаб бўляпти.

Урганчлик шифокор Комилжон Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, тиббиёт ходимлари бир ойда 18-20 минг сўм маош олади. Бу нафақат оила, балки бир кишининг харажатларига ҳам етмайди.

“Эрк” партиясининг Қорақалпоғистон бўлими раиси Янгибой Явидов Манғитдаги шифохонада ишлайди. Унинг айтишича, бу ерда уч йилдан буён маошлар ўз вақтида берилмайди.

Ҳозир Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги кўпгина идора, корхона ва ташкилотларнинг ишчи-хизматларига ойлик маошлари ҳисобидан озиқ-овқат дўконларидан маҳсулот берилмоқда.

Гурлан туманидаги Беруний номидаги мактаб ўқитувчиси Зевар Ҳайитбоеванинг билдиришича, ўтган йили маошлар 3-4 ойлаб кечиккан. Ўшанда ҳам маошнинг ярмидан ортиғи нақд пул эмас, чек билан берилган. Бу чекни фақат белгиланган дўконлардан маҳсулот олишга ишлатиш мумкин.

Расмийлар бундай вазият мамлакатдан барча ҳудудларига хослигини билдирмоқда.

Маҳаллий кузатувчилар маошлар камлиги ва ўз вақтида берилмаслиги сабабли яхши кадрлар ишдан кетаётгани, кўпчилик тижорат йўлига ўтаётганини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, кўпчилик, жумладан, олий маълумотлилар ҳам пул ишлаш мақсадида Россия ва Қозоғистонга кетиб қоляпти.

Қорақалпоғистонлик режиссёр Майла Буруталиевнинг маълум қилишича, иқтисодий муаммолар туфайли республиканинг қозоқ миллатига мансуб аҳолиси бошқа юртларга кўчиб кетяпти. Уларнинг асосий қисми турли соҳаларнинг иқтидорли мутахассислари экани ташвишланарлидир.
XS
SM
MD
LG