Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:18

ҲЮМАН РАЙТС ВОЧГА НИМА БЎЛДИ?


Шайбон Шу кунларда ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари орасида, Ҳюман Райтс Воч халқаро ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Алисон Гиллнинг Ўзбекистонга кириши таъқиқлаб қўйилгани ҳақидаги тахминлар кезиб юрипти. Бундай тахминларнинг пайдо бўлишига, Ҳюман Райтс Воч Тошкент ваколатхонасининг икки ойдан буён ёпиқ қолаётгани¸ Алисон Гиллнинг эса Нью Йоркдан Ўзбекистонга кела олмаётгани сабаб бўлган.

Чиндан ҳам маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра¸ Ҳюман Райтс Воч халқаро ташкилотининг Тошкентдаги офиси мана икки ой бўлиптики¸ фаолият кўрсатмай келмокда. Сабаби, тахмин қилишади инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, ташкилотнинг барча аъзолари шу кунларда Ўзбекистонга кириш визасини ололмай сарсон.
Айни ҳолат маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларида бир қатор бошқа гумонларнинг пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан¸ Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг тахмин қилишича:
— Ўзбекистон расмийларининг имкон қадар мана шу ташкилот вакилларининг мамлакатга кириб келишини тақиқлаш борасида кўраëтган чораси, чоғи. Зеро¸ бу ташкилот¸ расмийлар фикрича¸ кўп нарсани ошкор қилиб, асабга тегмоқда. Менинг фикримча, ҳеч шубҳасиз ўзбек расмийлари Ҳюман Райтс Воч вакилларининг Тошкентга қайтишидан манфаатдор эмас, шунинг учун ҳам тегишли чоралар кўрилаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

«Демократик ташаббуслар» нодавлат маркази директори Искандар Худойберганов ҳам шундай бўлиши мумкин дея ҳисоблайди:
— Мен шундай усул қўлланилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайман. Боз устига айтишим мумкинки, бундай тахҳминлар учун етарлича асос бор. Ёдингизда бўлса¸ президент Каримов инқилоблар ташқаридан молиялаштирилаётгани ҳақида гапирган эди. Расмий Тошкент фикрича¸ ўша ташқаридаги ҳомий Вашингтон. Демак, барча Америка ташкилотлари, айниқса нодавлат ташкилотлари мамлакатдан чиқариб юборилмоғи лозим. Очиқ-ойдин бундай қилиш қийин, гап-сўз кўпаяди, аммо кириш визасига мурожаат қилганида у ёки бу баҳона билан визани бермай қўйиш мумкин. Бу қулай ҳам...

Аммо, дейди Искандар Худойберганов:
—Биз буни хоҳлаймизми йўқми, демократия ғоялари барибир кириб келаверади. Демократия тизими ўлмайдиган тизим. Бу жараённи айрим шахсларнинг мамлакат ичига киришини таъқиқлаб қўйиш орқали тўхтатишга уриниш, ҳеч қандай натижа бермайди. Фақат давлатлараро муносабатларга салбий таъсир этиши мумкин¸ холос. Агар Ҳюман Райтс Вочнинг Тошкентдаги фаолияти тўхтатилса¸ бу жуда катта йўқотиш бўлади...

Хўш, аслида нима гап? Нега Ҳюман Райтс Воч ташкилоти ходимлари дом-дараксиз йўқ бўлиб кетдилар, балким чиндан ҳам уларнинг Тошкентга қайтишларида қандайдир қийинчиликлар пайдо бўлгандир. Биз айни саволга жавоб олиш мақсадида Ҳюман Райтс Воч ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳига боғландик. Қисқа салом аликдан сўнг, муддаони билган ташкилот вакили бизни бевосита Алисон Гиллнинг ўзи билан боғлади.
— Биласизми¸ биз ҳамон мамлакат ичига кириш ҳуқуқини берувчи визани кутяпмиз. Умуман олганда¸ авваллари бундай амалиёт йўқ эди, яъни ҳужжатлар бу қадар узоқ кўрилмас эди. Афтидан¸ ҳужжатларни кўриб чиқиш амалиёти ўзгарган кўринади, зеро ҳужжатлар декабр ойида топширилган эдик. Аммо биз масаланинг ижобий ҳал қилинишига умид қиляпмиз.

Ш: — Сизнингча¸ виза бериш тартибидаги бу ўзгаришлар Ўзбекистонда хорижий нодавлат ташкилотлар фаолиятига нисбатан муносабатнинг кескин ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкинми?

А: — Ҳа, менинг фикримча ҳам тартиб айнан шундан сўнг ўзгарган кўринади. Чунки¸ бу ўзгаришлар сўнгги йилда юз берди. Шу ерда бироз аниқлик киритиб ўтсам, Ҳюман Райтс Воч албатта¸ Тошкентга кайтади биз ўз фаолиятимизни тўхҳтатганимиз йўқ ва аввалгидай ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари химоячилари билан ҳамкорлигимизни давом эттирамиз...

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати котиби Илҳом Зокиров, кириш визасини олиш амалиёти мураккаблашгани ҳақидаги тахминларни инкор этди. Унга кўра¸ аслида ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати қандай бўлса¸ шундай сақланиб қолган. Ҳюман Райтс Воч ташкилотига келсак, деди Илҳом Зокиров, яқин кунларда улар кириш визасини оладилар ва Тошкентдаги фаолиятини давом эттириш имконига эга бўладилар.
XS
SM
MD
LG