Линклар

logo-print

Кадрлар ўзгариши халққа манфаат келтирмайди


Тўлқин

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда ҳокимият бошқаруви органларида катта ўзгаришлар юз берди. Олий Мажлис Сенатига 72 ёшли Мурод Шарифхўжаев сайланди. Ҳукуматдаги ўзгаришлар ҳам сезиларли бўлди.

Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаб келган Содиқ Сафоев Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитаси раиси лавозимини эгаллади. Унинг ўрнига Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги эндиликда собиқ раҳбари Элёр Ғаниев тайинланди. Шунингдек, Э.Ғаниевнинг Бош вазир ўринбосари мақоми сақлаб қолинди.

Марказий сайлов комиссияси раиси лавозимида ишлаган Бўритош Мустафоев адлия вазири бўлди.

Хўш, ҳукумат таркибидаги бу каби ўзгаришлар нимадан далолат беради?

Шўролар даврида Марказқўмда узоқ йиллар ишлаган Шароф Убайдуллаевнинг сўзларига қараганда, аслида ҳукумат таркибидаги кадрларни алмаштириш анча олдин бошланган. Бу жараённинг бошланиши Бош вазир лавозимига Шавкат Мирзиёев келиши билан боғлиқ.

Журналист Сергей Ежковнинг яқинда Интернетда эълон қилинган мақоласида Ўзбекистондаги кадрлар алмашинуви 2007 йилда ўтадиган Президент сайлови билан боғлиқ, деган фикр олға сурилади.

“Ўтган йили Ислом Каримов бошлаб берган саҳна орти ўйинларининг бир қисми мамлакатнинг икки палатадан иборат янги парламентини яратишдан иборат бўлган эса, унинг давоми кадрлар алмаштириш ва бошқа ўзгаришларни бошлаб юбориш эди. Албатта, кадрларни алмаштириш деганда Президентнинг ўзи хоҳлаган шахсларни тегишли лавозимларга тайинлаши кўзда тутилган”, - дейилади мақолада.

Журналистнинг ёзишича, бу режанинг биринчи қисми муваффақиятли амалга оширилган, яъни парламентнинг ҳар икки палатаси мурвати ҳам Президент қўлида.

“Сенат раиси 72 ёшли академик Мурод Шарифхўжаев Ислом Каримовнинг алоҳида иззат-икромга эга бўлган яқин кишисидир. У Ўзбекистон Президенти ҳақида ёзилган “Даврни белгилаб берган одам” китоби муаллифи, Ислом Каримов даҳосини улуғлаб, мунтазам равишда матбуотда мақолалар чоп этиб туради”, - дейди С.Ежков.

Аммо Ш.Убайдуллаев кадрлар алмашинуви сиёсати Президентлик сайлови олдидан ўтказилаётан муолажа, деган фикрга қўшилмаслигини билдирди.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг таъкидлашича, кадрларни алмаштириш сиёсати аслида бундан икки йил муқаддам давлат тузилмаларини профессионаллаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинган пайтдан бошланган. Аммо бу сиёсат ҳеч қандай ҳужжатга асосланмаган. Чунки Ўзбекистонда давлат хизмати тўғрисида қонун йўқ.

С.Ежков ўз мақоласида янги ташқи ишлар вазири Э.Ғаниев Президентнинг вориси бўлишини башорат қилади.

Б.Мусаевнинг билдиришича, журналистнинг башоратига асос йўқ. Миллий хавфсизлик хизматидан чиққан Э.Ғаниевнинг ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаши бундан кейин вазирлик фаолиятининг асосий қисми ташқи иқтисодий алоқалар билан боғлиқ бўлишини англатади.

Б.Мусаевнинг фикрича, кадрлар алмашинуви кўзга кўринарли ўзгаришлар ясамайди, халққа манфаат келтирмайди. Ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам ҳукумат ижобий ўзгаришларни амалга ошира олмайди. Фақат мавжуд сиёсий тузум ўзгарсагина яхши кунларга умид қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG