Линклар

Узоқ йиллардан буëн ядровий қуролга эга бўлишга уриниб келаëтган Шимолий Корея пайшанба куни мамлакатда атом қуроли борлигини расман эълон этди


А.Арал Шимолий Корея ҳукуматига кўра¸ мамлакат ўзини мудофаа қилиш учун ядровий қурол яратган ва ядровий захираларини кўпайтиришни бундан сўнг яна давом эттиради. Айни пайтда¸ Пхенян мамлакатнинг ядровий дастури борасидаги олти томонлама музокараларда қатнашмаслигини билдириб¸ музокараларни номаълум муддатга тарк этти. АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Пхеняннинг бундай ҳатти-ҳаракати уни халқаро саҳнада янада кўпроқ яккаланиб қолишига олиб келишини таъкидлади.

Шимолий Корея ҳақиқатан ҳам ядровий қуролга эгами? Пхеняннинг пайшанба кунги баëнотидан кейин ҳаммани ана шу савол қизиқтира бошлади. Аммо бу савол жавобини Шимолий Кореядан бўлак ҳеч ким биладиганга ўхшамайди¸ ҳаттоки¸ АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ҳам.

"Билишимча¸ айрим мамлакатлар разведка хизмати Шимолий Корея ядровий қуролга эга¸ деб айтмоқда. Шимолий Корея ҳам шундай қуролга эгалигини билдирди. Балки унда ядровий қуроли бордир. Бироқ мен буни тасдиқлашни истамайман¸ чунки тасдиқлаëлмайман"¸ - дейди АҚШ Мудофаа вазири.

Дунë мамлакатларининг ядровий дастурларини кузатувчи Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам Шимолий Кореянинг ядровий қуроллар яратиш имконлари ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Мазкур агентлик матбуот вакили Марк Говждескийнинг Озодлик радиосига айтишича¸ икки йилдан буëн агентлик инспекторлари Шимолий Кореяда фаолият олиб бормаëтгани учун Пхенян ҳукуматининг ядровий қуролга эга эканлиги ҳақида ишончли маълумот йўқ.

Айни пайтда¸ Говждеский Шимолий Корея Халқаро атом энергияси агентлиги учун катта ташвиш бўлиб қолаëтганини билдирди.

Баъзи кузатувчилар фикрича¸ Шимолий Корея ҳукумати баëноти олти томонлама музокараларда Пхенян позициясини мустаҳкамлаш мақсадида эълон қилинган бўлиши мумкин.

АҚШдаги Ядровий қуроллар назорати билан шуғулланувчи Висконсин лойиҳаси директори Гари Милҳоллин ҳам айни фикрни олға суриб¸ ушбу баëнотнинг жаҳон жамоатчилиги диққатини Шимолий Кореяга жалб этиш учун эълон қилинганини айтади.

"Шимолий Кореянинг бу баëнотидан маълум бўлишича¸ у ядровий қуролга эга ва биз билан ҳеч қандай музокара қилишни истамайди. Фикримча¸ бу билан улар бизнинг диққатимизни жалб этишга уринаëтганга ўхшайди. Улар биздан пул ундирмоқчи. Акси ҳолда биз уларнинг кейинги ҳаракати¸ яъни ядровий қуролларни биз ëқтирмайдиган террорчиларга сотишидан хавотирланишимиз керак. Айни пайтдаги ташвиш ана шундан иборат"¸ - деб фикр билдирди америкалик мутахассис.

Агар Пхенян муддаоси шу бўлса¸ Шимолий Корея ўз мақсадига эришди¸ дейиш мумкин. Бу баëнот халқаро миқëсда кучли реакция уйғотди ва Шимолий Кореянинг музокаралар столига қайтишга даъват этилишига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG