Линклар

Миш-мишлар тасдиқланди


Тўлқин Кўп йиллар давомида Ўзбекистондаги “иккинчи одам” мақомида бўлиб келган Исмоил Жўрабеков устидан жиноят иши очилгани тўғрисида бир қанча вақт муқаддам пайдо бўлган миш-мишлар расман тасдиғини топди.

“Ўзбекистон овози” газетасининг 12 февраль сонида ёзилишича, Бош прокуратура томонидан И.Жўрабеков билан бир қаторда мамлакат миқёсидаги мансабдорлар ва қишлоқ хўжалик соҳасига дахлдор шахслар устидан 1296 та жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура бўлим бошлиғи Э.Менглиев имзоси билан чоп этилган “Қишлоқ хўжалиги: масъулият ва жавобгарлик” сарлавҳали ҳисобот-мақолада 2004 йилда Бош прокуратура томонидан олиб борилган текширувлар, хусусан, жойлардаги прокурор назорати натижасида қишлоқ хўжалиги соҳасида содир этилган жиноятлар, қонунбузарликлар тўғрисида гап боради:

“Аниқланишича, 475 нафар мансабдор шахс томонидан жами 20 минг гектардан ортиқ ер майдонлари қонунсиз ажратилиб, ўзларининг таниш-билишлари ва ҳатто ўз номларига “фермерлик йўли” билан расмийлаштирилган”.

Мақолада текширувлар натижасида жиноий жавобгарликка тортилган бир қанча туманлар ҳокимлари ва ҳоким ўринбосарларининг рўйхати келтирилади. Унда ёзилишича, прокуратура органлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида ўтказилган 4,5 минг текшириш ва мониторинг натижаларига кўра, жиддий қонунбузилишлар юзасидан 1296 та жиноят иши қўзғатилган, прокурорларнинг тақдимномалари ва қарорлари асосида 30 мингдан зиёд шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган.

Мақолада таъкидланишича, кейинги йилларда мамлакат қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларнинг етарли даражада самара бермагани маълум жиҳатдан бу соҳага масъул раҳбар ва мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиши, давлат ҳамда жамоат мулкининг жуда катта миқдорда талон-тарож қилиниши билан ҳам изоҳланади.

“Бундай масъул шахслардан бири – узоқ йиллар давомида республика қишлоқ хўжалигини бошқаришда юқори мансабларни эгаллаб келган Исмоил Жўрабековдир. У иқтисодни бошқаришнинг эркин бозор муносабатларига асосланган ўзига хос йўлини қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш юзасидан ҳукумат қарорлари талабларини тўлиқ бажармасдан ҳамда мазкур тармоқ иқтисодиётнинг устивор соҳаси эканлигига етарли даражада эътибор бермай, хизмат вазифаларига жинояткорона совуққонлик билан қараб келганлиги оқибатида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажми ва ҳосилдорлик пасайиб, республика иқтисодиётига путур етказган”, - дейилади мақолада.

Мақолада И.Жўрабековга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тўғрисида бундай дейилади:

“Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов натижаларига кўра, Бош прокуратура томонидан ушбу ва бошқа жиноятларни содир этгани учун Исмоил Жўрабековга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 175, 203 ва қатор бошқа моддалари билан айб эълон қилинди. Исмоил Журабековнинг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлганлиги, унинг ёши ва соғлиғини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 1 декабрь кунги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг ўн икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Фармонига асосан жиноят иши тўхтатилди”.

Ўзбекистонда жуда қудратли кишилардан бири ҳисобланган бундай шахснинг жиноий жавобгарликка тортилиши мустақилликдан кейинги йиллардаги энг шов-шувли ҳодисалардан бири сифатида қаралмоқда.

Журналист Шароф Убайдуллаев бир вақтлар Ўзбекистон ССР Марказқўмида масъул лавозимда ишлаган. Унинг хотирлашича, И.Жўрабеков салкам Сталин давридан буён қишлоқ хўжалик соҳасида ишлаб келган. У Шароф Рашидов республикани бошқарган йилларда сув хўжалиги вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Усмонхўжаев даврига келиб эса сув хўжалиги вазири лавозимига кўтарилган. 1984 йилдан И.Жўрабеков республика ҳукумати раҳбарининг биринчи ўринбосари сифатида нафақат қишлоқ хўжалиги, балки халқ хўжалигининг барча соҳаларига аралашиб келган.

Журналистнинг сўзларига қараганда, И.Жўрабеков юритган сиёсат танқид қилинган мақолада масала жуда мавҳум ёритилгани сабабли кўп саволлар туғдиради. Шундай юксак лавозимда 20 йилдан ортиқ вақтдан буён ишлаб келган кишининг жиноятлари эндигина ошкор бўлдими? Унинг устидан ўтган йили жиноят иши қўзғатилган экан, нега шу пайтгача жамоатчилик бундан хабар топмади? Хуллас, жавобсиз қолган саволлар кўп.

Ш.Убайдуллаевнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалигида ўрнатилган прокуратура назорати, соҳада ўтказилган бу каби оммавий текширувлар келажакда кутилган натижани бермаслиги мумкин. И.Жўрабеков билан боғлиқ бундай жараён эса вақт ўтгач унутилади. Уларнинг такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар ишлаган қашқадарёлик меҳнат фахрийси Исмоил Раҳмонқуловнинг фикрича, соҳадаги нотўғри сиёсат тўғрисида бугун эмас, 1995-96 йилларда бонг урилганида мамлакат қишлоқ хўжалиги ҳозирги қолоқ аҳволга келиб қолмаган бўлар эди. Қолаверса, соҳанинг шу аҳволга келиб қолишига ҳозирги тузум ва коррупция ҳам айбдордир.
XS
SM
MD
LG