Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:03

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрларда расмий материаллардан ташқари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунлари муносабати билан бир қанча мақолалар эълон қилинди.

“Халқ сўзи” газетасининг 8 февраль кунги сонида Юнус Бўроновнинг “Жўмракдан “чўнтак”ка” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Ўзбекистонда сотувга чиқарилаётган минерал ичимликларнинг сифати ҳақида тўхталиб, жумладан, бундай ёзади: “…минерал ичимликлар ёз ойларида 40-45 даражали иссиқда ойлаб қолиб кетади. Ваҳоланки, уларнинг ёрлиқларида кўрсатилишича, 15-20 даражагача бўлган ҳароратда сақланиши лозим. Зеро, салқин ичимликлар меъёрий талаблар асосида сақланишига ҳеч ким кафолат бермайди. Унинг муддати ўтгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Сотувчи ўз маҳсулотини пулласа бўлди. Айрим ҳолларда кўрамизки, баъзи минерал сувлар оддий кран сувидан фарқ қилмайди. Улар яхшилаб газланиб, бир неча баробар қиммат нархда сотилмоқда”.

“Адолат” газетасининг 11 февраль сонида Россиянинг “1-канали” орқали эфирга узатилаётган, Ўзбекистонда намойиши тўхтатилган “Эгизаклар” сериали ҳақида “Миллат шаънига доғ” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Номи “Бир туғишганлар” дея таржима қилинган ушбу фильмни танқид қилар экан мақола муаллифи Нурбек Даврон бундай ёзади: “…рус киночилари Ўзбекистонга келиб, ўзбекларнинг шаънини ерга урувчи фильм яратишлари, халқнинг юзига лой чаплаб, бутун жаҳонга намойиш этишлари учун ким шарт-шароит яратиб берди? Ким бу билан ўзига “очко” ишлади? Ёш бола учун ҳам тушунарли: фильм ижодкорларига бу ерда, Ўзбекистонда яқиндан ёрдам берилмаса, бу асар яратилмасди, албатта. Сиёб бозоридаги отишмалар, қанчадан-қанча буюк алломаларнинг оёғи теккан Регистон атрофида, кўҳна обидалар ёнидаги фаҳш ишлар, отишувлар – буларнинг ҳаммасини суратга тушириш учун қандайдир бир маъсул шахсларнинг рухсати керак бўлармиди? Бўларди, албатта! Ким ўша одамлар?”

Мақола сўнггида муаллиф шу саволларга жавоб топишга уриниб, Самарқанд шаҳри ички ишлар бошқармасига мурожаат этганини баён қилади ва бошқарма бошлиғи Шамсиевнинг жавобини келтиради: “Бундай воқеалар бизнинг шаҳарда умуман бўлмаганлиги ҳақида ҳамма айтиб юрибди. Фильм ижодкорларига шароит яратиб берилганлиги хусусида гапирадиган бўлсак, бу нарсалардан менинг умуман хабарим йўқ. Ҳамма нарса Тошкент орқали амалга оширилган”.

“Моҳият” газетасининг 11 февраль кунги сонида тарих фанлари доктори Назира Абдуазизованинг “ОАВни эркинлаштириш кафолатлари” сарлавҳали мақоласи босилди. Унда, жумладан, бундай дейилади: “Муассис ёки ҳомий томонидан сунъий қўллаб турилган газета ва журналларнинг турғун ҳолати мамлакат оммавий ахборот воситаларининг янада юксалишига, том маънодаги эркин ва мустақил матбуот учун ҳаводек зарур демократик муҳитни шакллантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда. ОАВни эркинлаштириш жараёнини янги босқичга кўтаришда таҳририятларнинг иқтисодий ночорлиги катта муаммолардан биридир”.
XS
SM
MD
LG