Линклар

Бахмаллик аёллар уйида кўзи ёрияпти


Лобар Жиззах вилоятининг Бахмал қишлоғидаги туғруқхона таъмирланаётгани сабабли яқин-атрофдаги қишлоқларда яшовчи ҳомиладор аёллар ўз уйларида туғишига тўғри келяпти.

Туғруқхона ҳамшираси Комила Бойматованинг сўзларига қараганда, бу муассаса яқин-атрофдаги йигирмага яқин қишлоққа хизмат кўрсатади. Туғруқхона биноси қурилганига 30 йилдан ошган. Таъмирлаш ишлари бажарилаётгани, хоналар совуқлиги сабабли қиш мавсумида муассасада қабул вақтинчалик чекланган. Шунинг учун бу ерга келган ҳомиладор аёллар туғиб бўлиши билан 2-3 соатдан сўнг, туғиш оғирроқ кечган аёллар эса узоғи билан 2 кундан кейин уйига жўнатиб юборилмоқда.

Туғруқхонада шароит бўлмагани туфайли кўпчилик қишлоқ аёллари қатори Музбулоқ қишлоғида яшовчи Суймахол Норбекова ҳам олтинчи фарзандини уйида туғишга мажбур бўлди.

“Туққанимга етти кун бўлди. Уйда қайнонам, қизларим ҳолимдан хабардор бўлиб турибди. Уйим туғруқхонадан кўра иссиқроқ”, - дейди С.Норбекова.

Музбулоқлик Ҳалима Рустамованинг фикрича, нима бўлганда ҳам аёл туғруқхонада кўзи ёригани маъқул. Чунки уйдагидан фарқли ўлароқ, туғруқхонада зарурий ҳолларда аёлларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти бор. Бироқ қишлоқ шароитида транспорт ва ёқилғи муаммоси боис, кўпчилик аёллар уйда туғишга мажбур бўляпти. Қолаверса, Бахмалдаги туғруқхонада янги туққан аёллар 2-3 соатдан кейин уйига жўнатиб юборилаётгани тўғри эмас. Чунки она ва бола шамоллаб қолиши ёки бирор юқумли касалликка чалиниши мумкин. Туғруқхонада керагича ушлаб турилмагани сабабли чақалоқнинг ўлими ҳам кузатилди.

Туғруқхона ҳамшираси К.Бойматованинг таъкидлашича, жорий йилда олтмишга яқин чақалоқ туғилган. Шу вақтгача фақат битта ўлим ҳолати қайд этилган. Уйида туғаётган аёллар ҳам рўйхатга олиниб, ҳамширалар доимо уларнинг ҳолидан хабар олиб турибди.
XS
SM
MD
LG