Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:51

“SkyTel” яқинда ишга тушади..ми?


Тўлқин 14 февраль куни “SkyTel” мобил алоқа оператори раҳбарияти компания фаолиятининг тўхтаб қолиш сабабларига бағишланган матбуот анжумани чақирди. Унда компания фаолияти тўхтатилишига сабаб бўлган баъзи тахминлар рад этилди.

Турли манбаларда компания соҳиби Сергей Цой ва Ўзбекистон Президентининг катта қизи Гулнора Каримова ўртасидаги мулкий келишмовчиликлар “SkyTel”нинг ёпилишига сабаб бўлди каби маълумотлар ҳам пайдо бўлган эди.

Матбуот анжуманида NCI халқаро лойиҳаси директори ва президенти Виктор Ханна бу каби тахминларни инкор этди. У “SkyTel” техник муаммолар туфайли вақтинча ишламаётганини билдирди.

В.Ханнанинг сўзларига қараганда, “SkyTel” дастлаб 2004 йил 17 февралда “Телесом Inc” қўшма корхонаси сифатида, асосан, хорижий сармоя асосида ташкил этилган. Қўшма корхона муассислари “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси ва Нью-Йоркдаги NCI халқаро лойиҳасидир. NCI нинг корхонани ташкил этишдаги улуши 70 фоиз ёки 10 миллион 10 минг доллар, “Ўзбектелеком”ники эса 30 фоиз ёки 4 миллион доллардир. Кейинчалик компания Ўзбекистон мобиль алоқа бозорига янги савдо белгиси - “SkyTel” номи билан кирган.

В.Ханнанинг таъкидлашича, NCI Ўзбекистонга янги компания учун шу кунгача 14 миллион доллар миқдорида сармоя киритган. Сармоялашнинг умумий ҳажми 20 миллион долларга етказилиши режалаштирилган. 2004 йилда “SkyTel” мижозлари сони 9 мингдан ошиб кетган. Ўша йилнинг дастлабки уч чорагида компания Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек, Фарғона водийси, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида ўз алоқа тармоғини яратган.

В.Ханнанинг билдиришича, 20 январга келиб компания хизмат кўрсатадиган радиочастотада тўсиқлар пайдо бўлган. Мутасадди идоралар бу муаммолар мазкур радиочастотадан давлат ташкилотлари фойдаланаётгани туфайли юзага келганини маълум қилган.

“Бу частотани ҳарбийлар, хавфсизлик хизмати ва биринчи даражали ҳисобланадиган бошқа ташкилотлар биз билан баҳам кўряпти. Албатта, частотадан фойдаланишда улар бизнинг тижорий компаниямизга нисбатан устунликка эга”, - деди В.Ханна.

В.Ханна яқин кунларда “SkyTel” олдидаги муаммо бартараф этилиши ва компания тўла фаолия кўрсата бошлашини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG