Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:58

Пахта яккаҳокимлиги Ўзбекистонни хароб қилади


Дунёда бўҳронларнинг олдини олиш билан шуғулланувчи Халқаро инқироз гуруҳи Ўзбекистондаги пахта яккаҳокимлиги қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ривожланишига тўсиқ бўлаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Халқаро инқироз гуруҳининг (International Crisis Group) яқинда эълон қилинган ҳисоботида ёзилишича, Ўзбекистондаги пахта иқтисодиёти мажбурий меҳнатга асосланган. Пахта етиштириш узоқ муддат Ўзбекистонда ва унга қўшни бўлган давлатларда қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ривожига йўл бермай келяпти. Пахта яккаҳокимлиги бундан ҳам оғир муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Ҳисобот маърузачиси Майкл Ҳолл олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, минглаб мактаб ўқувчилари ва талабалар жуда кам иш ҳақи олган ҳолда пахта парвариши ва теримига мажбуран жалб этилади. Пахтазорларни суғоришга жуда катта миқдорда сув сарфланиши жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқаради.

“Бу уч мамлакат - Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон ҳукуматлари ҳозир ҳам қишлоқ хўжалик ишларига қаттиқ жалб қилинган. Юқоридан қоғозда ҳеч қандай кўрсатмалар берилмасада, аслида бу ҳукуматлар фермерларга пахта етиштиришни мажбурият қилиб қўйган. Бу ҳолат сиёсат ва сиёсий назорат масаласига айланиб қолган”, - деб ёзади ўз маърузасида М.Ҳолл.

Ўзбекистон аграр мамлакат экани, катта-катта майдонларда пахта экилиши, уни парваришлаш ва йиғиштириб олишда мажбурий меҳнатдан фойдаланилиши бугун кўпчиликка сир эмас. Мамлакатдаги пахта яккаҳокимлиги билан боғлиқ муаммолар маҳаллий жамоатчиликни ҳам ташвишга солиб келяпти.

Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Қурбон Розиқовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон собиқ иттифоқ даврида пахта хомашёси етказиб берувчи республикага айланган. Натижада ерларга шунчалик кўп кимёвий ўғитлар солинганки, бугунги кунга келиб, ер хароб аҳволга келиб қолган. Ҳозир ердаги заҳарли кимёвий моддалар қолдиғи бир квадрат километр майдонга 72 килограммга тўғри келади. АҚШда бу кўрсаткич 1 килограмм, Россияда эса 4 килограммни ташкил этади. Шунга қарамай, Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлигига чек қўйилаётгани йўқ. Фермерларга эркинлик берилмаётир. Улар ҳукумат берган режа бўйича пахта етиштиришга мажбур бўляпти.

Ўзбекистон пахта толаси экспорт қиладиган давлатлар орасида жаҳонда бешинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринда туради.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2003 йилда 883 миллион долларлик пахта толаси экспорт қилган. М.Ҳоллнинг фикрича, фақат пахта сотиш эвазига аҳолининг бошқа эҳтиёжларини қондиришга уриниш самарасиздир.

“Зарбдор” нодавлат нотижорат ташкилоти Тошкент вилояти фермерлари манфаатини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Ташкилот раҳбари Абдураҳмон Ҳосиловнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ҳозир Ўзбекистонда нафақат пахта, бошқа экинлар етиштиришда ҳам мажбурийлаш сиёсати мавжуд.

Мутахассисларнинг эътирофича, деҳқон пахта етиштиришдан яхшигина даромад олиши мумкин. Фақат унга ҳосилни эркин сотишга имкон берилса бас. Ўшанда деҳқон ернинг аҳволига ҳам етарли эътибор қаратади.

Қ.Розиқовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда илмий асосланган алмашлаб экиш жорий этилмас экан, келажакда ҳосилдорлик ошмайди. Тупроқнинг унумдорлиги эса пасайиб кетаверади.
XS
SM
MD
LG