Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

Сайловлар арафасида Қирғизистон Россияга ёнбосяптими?


Душанба куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Асқар Айтматов Қирғизистон пойтахти Бишкек яқинидаги Ганси аэропортига АҚШнинг АВАКС русумидаги разведка учқичлари жойлаштирилмаслигини билдирди. Айтматов буни Москвага сафаридан кейин эълон қилди. Кузатувчилар фикрича, Қирғизистонда феврал ойида бўладиган парламент ва октябрда бўладиган Президентлик сайловлари олдидан Кремлнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун Бишкек расмийлари шундай қарор қабул қилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Асқар Айтматовнинг Москвага сафаридан кейин расмий Бишкек иккита қарор қабул қилди. Биринчи қарор, яъни, Бишкек яқинидаги Россиянинг Қант ҳаво базасига кўпроқ ҳарбий техника ва қуроллар жойлаштирилиши тўғрисидаги қарор жума куни эълон қилинди. Бишкек яқинидаги АҚШнинг Ганси ҳарбий базасига АВАКС русумидаги разведка самолётлари жойлаштирилмаслиги тўғрисидаги иккинчи қарор душанба куни эълон қилинди:

”АВАКС русумидаги самолётларни жойлаштириш Ганси ҳаво базаси мандатига мос келмаслиги айтилди. Чунки бу база Афғонистонда ҳарбий операцияларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган. Қирғизистон ҳукуматининг бундай позицияси ғарблик ҳамкорларимиз ва дўстларимиз томонидан тўғри қабул қилинади деган умиддамиз”, - деди Қирғизистон Ташқи ишлар вазири.

Жума куни Россия ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал Владимир Михайлов ИТАР-ТАСС ахборот агентлигига ҳар қандай самолётни қабул қилиш учун Қант ҳаво базаси кенгайтирилишини билдирди. Маълумотларга кўра, ҳозир бу базада 500 нафар россиялик ҳарбий ва 20та Сухой русумидаги қирувчи ва бомбардимончи учқич бор.

Шу ўринда бу қарор Қирғизистон ҳукумати Вашингтон билан ҳамкорликни камайтиришга тайёрлигини англатадими, деган савол туғилади.

Россияда чиқадиган “Коммерсант” газетасининг 12 феврал куни ёзишича, АВАКС самолётлари Ганси ҳаво базасига жойлаштирилмаслиги эвазига Кремл Президент Асқар Ақаевни октябр ойида Қирғизистонда бўладиган президентлик сайловлари ҳамда февралда ўтадиган парламент сайловларида президент тарафдори бўлган кучларни қўллаб-қувватлашни ваъда қилган.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Бишкекдаги вакили Дэвид Луис айни масала юзасидан Озодлик мухбири билан суҳбатда бундай деди:

”Президент Асқар Ақаев сайловлар пайтида Россиянинг қўллаб-қуватлашини хоҳлаётган кўринади. Лекин АҚШ ҳаво базаси Қирғизистон-Россия муносабатларида энг нозик масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Халқаро терроризмга қарши кураш доирасида бу база нормал қабул қилинади. Аммо базадаги бошқа ҳар қандай ўзгариш муаммо келтириб чиқариши мумкин”.

Маълумотларга кўра, Президент Асқар Ақаев ўз мамлакатида “зарғалдоқ инқилоби” юз беришидан чуқур ташвишда. Ақаев Қирғизистонга инқилот экспорт қилинмаслиги кераклигини, мамлакатдаги сиёсий вазиятни кескин ўзгартиришга уриниш фуқаролар урушига олиб келиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган.

Луисга кўра, сайловлар пайтида сиёсий вазият кескин ўзгаришининг олдини олиш учун Қирғизистон Президенти Россия қўллаб-қувватлашига эришишга уринмоқда.

Аммо ҳамма гап Кремл расмийларининг Асқар Ақаев ҳукуматини қўллаб-қувватлашни хоҳлаш-хоҳламаслигида.

Украинадаги президентлик сайловларида Москва расмийлари қўллаб-қувватлаган Виктор Янукович мағлубиятга учраганидан кейин Кремл расмийлари МДҲ ҳудудларидаги раҳбарлар тарафини олишга эҳтиёткорлик билан ёндошмоқда.

”Менимча, россияликлар анча эҳтиёткор бўлади. Улар Украинадаги каби фақат бир номзодни қўлламасликка ҳаракат қилади. Россия учун биринчи навбатда бирга ишлаш мумкин бўлган, позицияси мустаҳкам ҳамкор керак. Кремл Қирғизистондаги бошқа сиёсий кучларга қараганда Асқар Ақаев билан ҳамкорлик қилиш осонроқ, деган хулосага келган бўлиши мумкин”, - дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Бишкекдаги вакили Дэвид Луис.

“Независимая газета”нинг сешанба куни хабар қилишича, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўтган ҳафта Москвада Қирғизистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув пайтда Кремл расмийлари МДҲ мамлакатларида ўтадиган сайлов кампаниясида бирор томонни қўллаб-қувватламаслигини билдирган. Украинадаги воқеалардан кейин Россия ҳукумати ўз тактикасини ўзгартирган кўринади. Кремл расмийлари 10 феврал куни Москвада Қирғизистон мухолифати раҳбарлари, жумладан сайловларда қатнашишдан четлатилган “Ота Юрт” партияси лидери Роза Отунбаева билан ҳам билан учрашди.
XS
SM
MD
LG