Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:41

Афғонистон фиғонлари


15 февраль куни совет қўшинларининг Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилганига 16 йил тўлди. Ҳозир Ўзбекистонда бу урушда қатнашган 60 мингдан зиёд байналминалчи жангчи яшайди.

1979 йил 25 декабрь куни Москва вақти билан соат 13 да мудофаа вазири Дмитрий Устинов буйруғи билан советларнинг 40-армияси таркибида минглаб ўзбекистонлик аскар ва офицерлар Афғонистон ҳудудида кирди. Ўз йигитлик бурчини бажариб қайтиш ниятидаги бу йигитларнинг кўпчилигига фақат Афғонистоннинг номигина таниш бўлган эса ажабмас.

Собиқ байналмилал жангчи Мақсуд Йўлдошев Афғонистондаги илк кунларини қуйидагича хотирлайди:

“Мен Японияда ишлаб чиқарилган аудио кассетали магнитофон қидирдим. Совет Иттифоқида ҳали унақа магнитофонлар йўқ эди. Бир дўконда бор экан, лекин жуда қиммат. Пулим етмади. Шунда дўкон эгаси магнитофонни олиб кетишим мумкинлигини, пулини кейин берсам ҳам бўлишини айтди. Тушуняпсизми, у мени биринчи марта кўриб турган эди. Аммо бизга нисбатан шунчалик эҳтиром бор эди”.

Собиқ жангчининг таъкидлашича, шўро жангчилари орасида афғон халқига беҳурмат муносабатда бўлганлар ҳам бор эди. Қолаверса, ҳўлу қуруқ баробар ёнган даврлар бўлган. Шунинг учун афғонларнинг шўро аскарларига ҳурмати йўқолиб, ҳатто ўрнини аста-секин нафрат эгаллаган.

“Биласизми, баъзида мен афғончиларимизга жуда ачиниб кетаман. Чунки улар ўз йигитлик бурчимни ўтагани кетяпман, деган фикр билан Афғонистонга борган. Ўз юртим тинчлигини ўташ учун шу урушга боришим керак, деган мустаҳкам ишонч бўлган уларда. Бу эса совет ҳукуматининг жуда катта хатоси бўлиб чиқди”, - дейди М.Йўлдошев.

Афғон урушида иштирок этган собиқ офицер Мирасрор Аҳроровнинг билдиришича, ҳозир Ўзбекистонда байналмилалчилар кўплаб имтиёзлардан маҳрум этилган. Уларнинг кўпчилиги ишсиз, соғлиғи яхши бўлмаган шароитда бундан қарорга келиниши эса адолатсизликдир.

Бугунги кунда собиқ байналмилалчи жангчиларни бирлаштирадиган Ўзбекистон жангчи фахрийлар, байналмилалчилар бирлашмаси ва Афғон уруши ногиронлари республика хайрия жамғармаси фаолият кўрсатади.

Хайрия жамғармаси вакиласи Анна Вафинанинг айтишича, жамғарма кўмагидан 4 мингга яқин ногирон жангчи фойдаланади. Жамғарманинг молиявий имконияти чекланган. Шунга қарамай, обиқ жангчиларга имкон қадар ёрдам кўрсатиляпти. Кимгадир ногиронлар аравачаси, дори-дармон керак бўлади, кимгадир уйини таъмирлашга ёрдам берилади. Шунингдек, бепул даволаниш учун бепул йўлланмалар ҳам беришга ҳаракат қилиняпти.

Ўзбекистон жангчи фахрийлар, байналмилалчилар бирлашмасидан олинган маълумотга қўра, мамлакатда афғон уруши иштирокчилари жами 60 мингтани ташкил этса, уларнинг беш мингги уруш ногиронидир.

Бирлашма раиси ўринбосари Мақсуд Йўлдошевнинг эътирофича, бирлашма, асосан, ўз ҳисобидан ва ҳомийлар кўмагида фаолият кўрсатяпти. Ҳукумат эса бирлашма ишига эътиборсизлик кўрсатяпти.

“Шу кунларда Ўзбекистондаги байналмилалчиларга Афғонистондан совет қўшинларининг олиб чиқиб кетилганига 15 йил тўлиши муносабати билан Россияда таъсис этилган медаль ва орденлар топширилмоқда. Собиқ жангчилар бу мукофотларни кўзда ёш билан қабул қиляпти. Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилганига 16 йил тўлди. Нима бўлганда ҳам жангчиларда гуноҳ йўқ. Улар йигитлик бурчини ўтаган. Уларни фақат ва фақат қадрлаш керак”, - деди М.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG