Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:49

Нигора Ҳидоятова: “Ёшлар курашишни ўрганиши яхши ҳолат”


Ҳакимбек 16 февраль куни Тошкентда “Озод деҳқонлар” партияси вакиллари, бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фермерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда ҳокимликлар ва куч тизимлари амалдорларининг ўзларининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган фуқароларга қарши ёлланган кимсаларни ишга солиб, ўзбошимчалик сиёсатини ўтказаётгани танқид қилинди.

Сўнгги вақтларда ўтказилаётган пикетлар иштирокчиларининг номаълум кимсалар томонидан калтакланаётгани, ҳуқуқ-тартибот ходимлари бунга лоқайд қолаётгани мазкур матбуот анжумани ўтказилишига сабаб бўлди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева норозилик чиқишлари вақтида номаълум аёллар томонидан уч марта калтаклангани ҳақида гапирди.

“Охирги икки ой давомида менга ҳужум қилган аёлларнинг икки гуруҳини биламан. Биринчи марта улар Чорсу бозорида мардикорлар билан ишлаётганимда ҳужум қилганди. Иккинчи марта офисимизга бостириб кирганди. Учинчи марта Тошкент шаҳри ҳокимлигини пикет қилаётганимизда бу аёллар мени калтаклаб, нарсаларимни тортиб олганди. Билишимча, милиция ходимлари пикетларимизни бузиш мақсадида бу гуруҳлардан фойдаланяпти. Шунинг учун уларга қарши бирор қонуний чора кўрилаётгани йўқ”, - деди Е.Урлаева.

Матбуот анжуманидан сўнг тадбир ташкилотчилари Бош прокуратура биносини пикет қилди.

Норозилик чиқиши иштирокчилари мухолифатдаги партияларнинг эркин фаолият кўрсатиши, ОАВга эркинлик берилиши ва бошқа талабларни илгари сурди. Улар турли плакатлар билан бирга зарғалдоқ рангли байроқчаларни ҳам кўтариб олганди.

Кўп ўтмай бу ерда пайдо бўлган бир гуруҳ ёшлар қўлларидаги катта плакатлари билан пикетчиларни тўсиб, аксилпикет бошлади. Ўзини Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёшлар ташкилоти вакиллари деб атаган бу йигит-қизлар пикетчиларни хорижга сотилганликда, фирибгарликда айблади.

Пикетни кузатиш учун келган “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова пикетга қарши аксилпикетни нормал ҳодиса ҳисоблашини айтди.

“Яхшиямки, улар пикетчиларга дайдилар ва фоҳишалар каби тоифадаги одамларни қарши қўймаяпти. Шунинг учун бу ҳолатни нормал деб ўйлайман. Ёшларнинг плакатлар билан шундай усуллар орқали курашиш мумкинлигини ўрганаётгани яхши ҳолат. Биз буни ижобий қадам сифатида баҳолаймиз”, - деди Н.Ҳидоятова.
XS
SM
MD
LG