Линклар

logo-print

Навбат нақшбандийларга етди..ми?


Тўлқин 15 февраль куни Тошкент вилояти жиноят ишлари судида ўзларини нақшбандия тариқати вакиллари ҳисоблайдиган Абдурашид Тошматов ва Нурали Умрзоқов устидан суд жараёни ниҳоясига етди.

Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида яшовчи 1960 йилда туғилган А.Тошматов ҳамда 1963 йилда туғилган Н.Умрзоқов 2004 йил 13 октябрда диний экстремистик гуруҳларга алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Улар шу кунгача Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси ҳибсхонаси ва Тошкент қамоқхонасида сақланган.

Судланувчиларнинг қариндошлари ва кузатувчиларнинг эътирофича, А.Тошматов, унинг оиласи ва яқинлари ўтмишда Ўзбекистон ҳудудида катта таъсир кучига эга бўлган, айниқса, шаҳарлик косиб ва ҳунармандлар ўртасида кенг тарқалган тасаввуфнинг нақшбандия тариқатига эътиқод қўйган.

А.Тошматовнинг укаси Ориф Тошматовнинг сўзларига қараганда, у ва акаси, барча қариндошлари ҳозирги кунда нақшбандия тариқатига раҳнамолик қилаётган Иброҳимхон эшонга байъат бериб, муридликни қабул қилган.

Иккинчи судланувчи Н.Умурзоқовнинг турмуш ўртоғи Юлдуз Умурзоқованинг таъкидлашича, эри гарчи шариатга кириш учун эндигина пирга байъат берган бўлса-да, ҳали намоз ўқишни ҳам бошламаган.

А.Тошматовнинг хотини Маъмура Тошматова эса судланувчилар варақа ташлаб қўйилиб, ҳибсга олинганини билдирди.

Маълум бўлишича, судланувчиларга Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва диний экстремистик ташкилотлар тузиш каби моддалари бўйича айблар қўйилмоқда. Прокурор уларга 9 йиллик қамоқ жазоси белгиланишини сўраяпти.

Айбланувчилар устидан суд ҳукми 17 февраль куни ўқиб эшиттирилиши кутилмоқда.

Шу ўринда Иброҳимхон эшон ҳақида икки оғиз сўз. “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган мутахассисларнинг билдиришича, Иброҳимхон эшон ёшлигида хожагонлар силсиласининг йирик шайхларидан бири Абдуллохонга шогирд тушган. Аммо Аллоҳдан белги бўлмагани сабабли Абдуллохон вафоти олдидан севимли шогирдига иршод бермаган. Шундай бўлса-да, жамоа тарқаб кетмаслиги учун унга тариқат ишларини давом эттиришга рухсат этган. Иброҳимхон эшон ҳам ўзини шайх атамаган ва Аллоҳ томонидан белги берилган, силсилани давом эттирувчи ҳақиқий шайх пайдо бўлса, жамоа раҳнамолигини унга топширажагини кўп бора таъкидлаган.

Иброҳимхон эшон ҳозирги кунда дунёдаги нақшбандия тариқати вакиллари ўртасида анча таниқли шахслардан ҳисобланади. Хусусан, бундан бир неча йил илгари тасаввуф тўғрисида Москвада чоп этилган китобда бу эшон ҳақида алоҳида мақола киритилган ва унга ҳозир Ўзбекистондаги нақшдандия тариқатининг йирик намояндаси, дея юксак баҳо берилган. Иброҳимхон эшоннинг Фарғона водийси, Тошкент вилояти ва Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларида кўплаб муридлари бор.

Нақшбандия тариқати вакиллари “дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Аллоҳ дилда, қўл меҳнатда бўлсин” қоидасига амал қилади.
XS
SM
MD
LG