Линклар

Юбилей оддий шаҳарликлар муаммоларини камайтирадими?


Фирдавс ЮНЕСКО ташаббуси билан жорий йилда Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилейи ўтказилади. Шу муносабат билан Қаршида 40 миллиард сўмлик қурилиш-ободончилик ишлари бажарилиши режалаштирилган.

Шу кунларда юбилейга тайёргарлик қизғин кетмоқда. Шаҳар кўчаларини кенгайтириш, тарихий обидаларни таъмирлаш, янги бинолар қуриш авж олган.

Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари Нормурод Ҳамзаевнинг сўзларига қараганда, шаҳардаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 452-қарори асосида амалга оширилмоқда. Шу кунгача 10 миллиард 300 миллион сўмликдан зиёд маблағ ўзлаштирилган. Ҳозир олимпия захиралари коллежи, амфитеатр, компьютер коллежи, стадион, вилоят маҳалла маркази каби иншоотларда ишлар давом этмоқда. Яқин кунларда 80 хонадонлик кўп қаватли учта уй қурилиши ҳам бошланади.

Н.Ҳамзаевнинг таъкидлашича, шаҳар ҳудудидаги бир қанча тарихий биноларда, жумладан, 5-ҳибсхона вазифасини ўтаб келган “Одина” масжидида таъмирлаш бошланган. Ҳибсхона Бухоро шаҳрига кўчирилган. Масжидда бешта вилоятдан келган усталар ишламоқда.

Шаҳарда қурилиш-ободончилик ишларини бажаришга бюджетдан ташқари тадбиркорларнинг ҳам маблағлари жалб этилган. Баъзи маълумотларга кўра, вилоят қишлоқларини ривожлантириш учун ажратилган маблағлар ҳам юбилей учун сарфланмоқда. Масалан, Чироқчи туманидаги Қорабуруғ қишлоғини газлаштириш ва бу ердаги мактабни таъмирлаш 2005 йил манзилий дастурига киритилган. Аммо бу ишлар йил бошида режадан чиқариб ташланган.

Бу маълумотларни Н.Ҳамзаев рад этди. Унинг айтишича, юбилей учун бюджетдан алоҳида маблағ ажратилган ва бошқа мақсадларда сарфланиши кўзда тутилган маблағлар Қаршидаги қурилиш-ободонлаштириш ишларига йўналтирилгани йўқ.

Қаршида юбилей муносабати билан катта ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, аҳолининг газ, электр энергияси, ичимлик сув билан боғлиқ муаммолари кўпаймоқда. Қаршида ҳам бу муаммолар анча вақтдан буён кўзга ташланяпти.

Н.Ҳамзаевнинг билдиришича, юбилей доирасида шаҳарни сув билан таъминлаш масалаларини ҳал қилишга Осиё тараққиёт банкининг 16 миллион доллар маблағи жалб этилган. Электр энергияси соҳасига эса 1 миллиард 670 миллион сўм, газ таъминотига 780 миллион сўм ажратилган.
XS
SM
MD
LG