Линклар

Киото протоколи кучга кирди

  • Ҳасанжон

16 феврал куни глобал иқлим илиқлашув олдини олишга қаратилган Киото протоколи кучга кирди.
Бу келишувини ратификация қилган 141 мамлакат 2008 – 2012 йиллар давомида Ер атмосферасига тўпланиб иқлим илиқлашувига сабаб бўлаётган зарарли газлар ҳажмини 5.2 фоизга камайтириш назарда тутилган.
Бироқ АҚШ, Австралия ва бошқа давлатлар бундай чора иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилиши қолаверса иқлим ўзгариши сабаби айнан зарарли газлар экани илмий жихатдан тўлиқ исботланмаганини рўкач қилиб, Киото келишувига қўшилишдан бош тортиб келмоқда.
“Тоза табиат” рукнининг бугунги сони ана шу мавзуга бағишланган.



Япониянинг қадимий Киото шаҳрида 1997 йилда имзоланган Киото Протоколи қонун кучига кирганини чоршанба куни Япония ҳукумати бош котиби Хироюки Хосода эълон қилди:

”Бугун Киото протоколи кучга кирди. Глобал илиқлашув олдини олишга қаратилган чора халқаро миқёсда амалга оширила бошланди. Бизнинг мамлакат исгази ва глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўладиган бошқа зарарли газлар миқдорини 1990 йил даражасига тушириши керак”.

Киото протоколи, имзоланганидан бери тортишувлар марказида қолиб келмоқда. Келишув тарафдорлари фикрича, бу глобал миқёсдаги фожианинг олдини олиш йўлида кўрилган биринчи чорадир. Мухолифлар эса, келишув илмий жиҳатдан тўлиқ исботланмаган ва иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилувчи адолатсиз чора, деган фикрда.

Глобал илиқлашув дунёнинг аксарият аҳолиси учун аллақачон баҳсдан кўра ҳаёт-мамот масаласига айланди. Чунки, шимолий ва жанубий қутбларда мангу музликлар тез суръатда эриши оқибатида океан ва денгиз сув сатҳи кўтарилиб бормоқда. Ўз навбатида бу соҳил бўйи ҳамда океан ва денгиз оролларида яшовчи миллионлаб одам ҳаётига тахлика туғдирмоқда. Бундан ташқари тез-тез юз бераётган турли табиий офатлар оқибатида минглаб одам ҳаётдан бевақт кўз юммоқда.

”Биз иқлим ўзгаришидан чуқур ташвишдамиз. Мен келажакдан қўрқаман. Кирибатига нима бўлишини мен билмайман”, - дея чуқур ташвиш билдирди Тинч океани жанубида жойлашган Кирибати орол давлати фуқароси Бейатаке Ореа Озодлик радиоси мухбирига.

Киото протоколининг энг қийин бандларидан бири, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар ҳажмини камайтириш “ривожланаётган” давлатлар учун мажбурий қилиб белгиланмаганидир. Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия каби аҳолиси кўп мамлакатлар шу рўйҳатга киради.

”АҚШ 2001 йилда Протоколдан расман чиққанини эълон қилганида айнан шуни асосий сабаблардан бири қилиб кўрсатган. Бошқа бир сабаб, Америка ўз саноатининг рақобатбардошлигини йўқотишни хоҳламаганида. Ривожланган давлатлар зарарли газлар ҳажмини камайтириш мажбуриятига эга бўлса-ю, ривожланаётган давлатлар бундай мажбуриятга эга бўлмаса, АҚШ буни адолатсизлик деб билади”, - дейди атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Гринпийс” вакили Мехи Сидериду.

Ер атмосферасини энг кўп ифлослантираётган АҚШ Киото протоколи имзоланишига сабаб бўлган илмий тадқиқотларга шубҳа билан қарайди. Мазкур халқаро келишувга қўшилишни рад этишига қарамай, АҚШ бу борада илмий тадқиқотлар олиб боришни давом эттирмоқда.

”Иқлим ўзгариши бўйича биз жуда кўп тадқиқот олиб боряпмиз. Ҳозирги маъмурият тадқиқотлар жараёнини тезлатиш орқали иқлим ўзгариши ҳақида кўпроқ нарсани ўрганиш ва бу ер куррасига қандай таъсир этишини билиш устида ишламоқда. Шунингдек, бу масала юзасидан халқаро миқёсда ҳамкорларимиз билан яқиндан иш олиб боряпмиз”, - деди Оқ Уй матбуот вакили Скот Мак Клеллан.

Мутахассислар фикрича, тараққий этган давлатлар Хитой ва Ҳиндистон каби равожланаётган давлатлар иштирокисиз Киото протоколи талабларини бажаришдан бош тортиши мумкин.

Айни пайтда, атроф-муҳит ҳимоячилари Хитой ва Ҳиндистон экологик жиҳатдан тоза ва қайта тикланувчан энергиядан фойдаланишни аллақачон йўлга қўя бошлаганини айтмоқда.

Шу ўринда, муаммонинг Марказий Осиёдаги манзарасига назар ташласак. Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Киото протоколини имзолаган ва ратификация қилган. Қозоғистон бу ҳужжатни имзолаган аммо ратификация қилмаган. Тожикистон эса Киото протоколини имзоламаган.
XS
SM
MD
LG