Линклар

“Ўзбек матбуотининг қора кунлари” ортда қолдими?


Тўлқин Ўзбек матбуотининг бош цензори сифатида таърифлаб келинган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Рустам Шоғуломовнинг вазифасидан озод этилгани маҳаллий журналистлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Ака-ука Ислом ва Рустам Шоғуломов узоқ йиллар давомида ўзбек матбуоти ва матбааси учун масъул шахслар бўлиб келди (И.Шоғуломов мамлакатдаги энг йирик “Шарқ” нашриёт-матбаа концернини бошқарган).

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг сўзларига қараганда, Р.Шоғуломов шўро даврида “Меҳнат” нашриёти, комсомолга тегишли газеталарда журналист, бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Тузумнинг манфаатларини қаттиқ ҳимоя қилишдаги хизматлари учун мустақилликдан кейин 1991 йилда Давлат матбуот қўмитаси раислигига тайинланган. 2002 йилда қўмита матбуот ва ахборот агентлигига айлантирилгандан сўнг унинг раҳбари бўлган.

Р.Шоғуломов ўзи 2005 йил 1 январда чиқарган буйруқ асосида “Ўзбекистон” нашриёти бош директори лавозимини эгаллади. У қарийб 15 йил давомида мамлакат матбуотини кучли назоратда ушлаб турди. Бу даврда “Эрк”, “Муносабат”, “Мустақил газета”, “Время и мы” каби газеталар фаолиятини тўхтатди.

Ш.Убайдуллаев Р.Шоғуломов соҳага раҳбарлик қилган даврини “ўзбек матбуотининг энг қора кунлари”, деб атади. Унинг айтишича, бу даврда матбуот жуда оғир аҳволга тушиб қолди. Бир пайтлар миллионлаб нусхада чиққан айрим газеталар тиражи бугунги кунда 10 мингтага ҳам етмайди.

“Эрк” газетасида фаолият кўрсатган Дилором Исҳоқованинг таъкидлашича, бу газета ёпилишида Р.Шоғуломовнинг шахсий иштироки йўқ. У фақат тузумнинг кичик бир мурвати сифатида раҳбарлар буюрган ишни қилган, холос. Р.Шоғуломовнинг жуда кўпчиликда ёқимсиз таассурот қолдиришига унинг юқоридан буюрилган ишларни ҳамиша кўр-кўрона бажариши сабабдир.

Ш.Убайдуллаевнинг фикрича, Р.Шоғуломов ўзбек матбуотида ҳозирги тизим вужудга келишида жуда катта роль ўйнаган.

“У матбуотни бошқаргани билан соҳага бегона одам эди. Унинг қалби журналистлар билан бирга эмасди. Бу киши бутун умри давомида мақола ёзмаган, газета заҳматларини тортмаган”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Р.Шоғуломов ўрнига Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорлигига “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Бобур Алимов тайинланди.

Хўш, бу ҳодиса ўзбек матбуотида бирор ўзгариш ясайдими?

Журналист Алимардон Аннаев Р.Шоғуломовнинг ўзбек матбуоти назоратчилигидан кетиши ҳозирги вазиятни ўзгартирмаслигини билдирди. Д.Исҳоқова ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади.

Ш.Убайдуллаев эса Р.Шоғуломовнинг ишдан кетиши нима бўлганда ҳам соҳа учун фойдали эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG