Линклар

logo-print

ЖССТ тавсиясини қўллаш болалар ўлими кўрсаткичи ошишига олиб келади


Саида Мутахассислар Ўзбекистонда чақалоқлар ўлими қўшни мамлакатларга нисбатан камлиги, лекин халқаро меъёрларда кўзда тутилган “тирик туғилган” мезони қўлланилса, бу борадаги кўрсаткич ошиб кетишини айтмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Зокир Хўжаевнинг сўзларига қараганда, мамлакатнинг болалар ўлими борасидаги кўрсаткичи ҳамон халқаро меъёрлар даражасида эмас.

“Ўзбекистонда чақалоқлар ўлими кўрсатгичини аниқлашда ҳали ҳам шўролар давридан қолган тизимдан фойдаланилади. Эски тизимда ҳомила камида 22 ҳафталик бўлса, туғилгандан кейин 7 кун яшаса, тирик туғилган ёки тушган ҳомила ҳисобланади. ЖССТ қабул қилган халқаро меъёрларда эса бола она қорнида биргина ҳаёт аломатини берган бўлса ҳам тирик ҳисобланади. Агар бу меъёр қабул қилинса, Ўзбекистонда болалар ўлими кўрсаткичи янада ошади”, - деди З.Хўжаев.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда БМТнинг Мингйиллик тараққиёт дастури доирасида 2015 йилга келиб бажарилиши лозим бўлган миллий вазифалар белгилаб олинган. 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлимни учдан икки қисмга, оналар ўлимини учдан бирга камайтириш шу вазифалар сирасига киради. Шунингдек, айни пайтда ЖССТнинг “тирик туғилган” тавсиясини бажариш чоралари кўрилмоқда.

Соғлиқни сайлаш вазирлигидан олинган маълумотда шу тавсия асосида Фарғона вилоятида илк лойиҳа амалга оширилаётгани маълум қилинган.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси оналик ва болалик бўлими раҳбари Шаҳобиддин Қўчқоровнинг таъкидлашича, бу тавсияни қабул қилиш болалар ўлими кўрсаткичи ошишига олиб келса-да, ижобий натижалар беради. Хусусан, болаларнинг муддатдан олдин туғилиши сабаблари жиддий ўрганиш ва оналар саломатлигига янада кўпроқ эътибор қаратишга ундайди. Бу эса келажакда болалар ва оналар ўлими кўрсаткичи пасайишига йўл очади.
XS
SM
MD
LG