Линклар

Эрон ва Сурия таҳдидга қарши биргаликда курашишга келишди

  • Ҳасанжон

Сурия Бош вазири Нажи Ал-Ўтари чоршанба куни Теҳронда Эрон Вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф билан учрашди. Музокарадан сўнг Эрон ва Сурия ўртасида тахдидга қарши ўзини-ўзи биргаликда мудофаа қилиш тўғрисида келишувга эришилгани эълон қилинди. Бу воқеа шундоқ ҳам таранг бўлган минтақадаги вазиятни янада кескинлаштирди. Студиядаги бугунги суҳбат ана шу мавзуда бўлади.

Ҳ.Б.: Ҳасанжон, Эрон ва Сурия ўртасида бундай шартнома тузилишига нима туртки бўлди?

Ҳ.: Ҳурмат, бир неча йилдан бери АҚШ Эронни атом станцияси қуриш баҳонасида ядровий қурол яратишга уринаётганликда айблаб келмоқда. Оқ Уй расмийлари фикрича, агар Эрон ядровий қуролга эга бўлса, бу дунёдаги барқарорликка путур етказади.

Чоршанба куни АҚШ Сенатининг Разведка масалалари бўйича қўмитасида Эрон масаласи ҳам кўтарилди. Йиғилишда сўзга чиққан АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Портер Госс Теҳрон расмийларининг ядровий дастури ҳақида ташвиш билдирди:

”Биз Эронда икки мақсадда, хусусан ядро қуроли яратишда ҳам ишлатилиши мумкин бўлган технология борлигидан хавотирдамиз. Теҳрон расмийлари ўзининг ядровий дастури борасида шаффоф сиёсат олиб бормаяпти. Айни пайтда, Эрон узоқ масофага учадиган ракета борасидаги ишларни давом эттирмоқда”.

Айни пайтда, АҚШ Сурияни 14 феврал куни Ливан собиқ Бош вазири Рафиқ Харирийга қарши суиқасд уюштирганликда айблади. ҚЎшма Штатлар Харирий ўлдирилганига норозилик тариқасида ўзининг Суриядаги элчисини Вашингтонга чақиртириб олди.

Эрон ўзининг ядровий дастури туфайли, Сурия эса Рафиқ Харирий суиқасд қурбони бўлгани сабабли АҚШ босимига учрамоқда.

Мутахассислар фикрича, Эрон ва Сурия ўз-ўзини биргаликда мудофаа қилиш ҳақидада иттифоқ тузишига ана шу босим туртки бўлган.

Ҳ.Б.: АҚШ расмийлари Эрон ва Сурия эришган келишувга қандай муносабат билдирди?

Ҳ.: Чоршанба куни Сенатда чиқиш қилган АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Сурия ҳукумати сиёсатини салбий баҳолади:

”Сурия биз амалга ошириш учун уринаётган ишга зарар етказмоқда. Улар Ироққа тегишли молияларни ушлаб туриб қайтариб беришни хоҳламаяпти. Сурия баасчиларга бошпана берган. Мамлакат кучлари Ливанни босиб турибди. Улар Эрон билан бирга Ливан ва Исроилдаги Хизбуллоҳ аъзоларига ёрдам беряпти. Ироқда уруш ҳаракатлари пайтида АҚШ кучларини мағлубиятга учратиш учун Сурия жиҳодчиларнинг автобусларда мамлакат ҳудудлари орқали Ироққа ўтишига ёрдам берди”, - деди АҚШ Мудофаа вазири.

Ҳ.Б.: Эрон ва Сурия АҚШ томонидан босимга учраётган экан, таҳдиддан биргаликда ҳимояланиш тўғрисида икки мамлакат эришган битимни АҚШга қарши иттифоқ дейиш мумкинми?

Ҳ.: Ҳурмат, чоршанба куни Берлинга борган Эрон Ташқи ишлар вазири Камол Харрозий билдирган фикр бу саволингизга жавоб бўлиши мумкин:

”Эрон ва Сурия бази масалаларда муштарак манфаатга эга. Бу мазкур давлатлар АҚШга қарши бирлашган фронт ташкил этди, дегани эмас. Лекин биз ҳаммамиз, яъни, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари минтақада юз берган бўҳрон ва муаммоларни хал этишда бир-биримиз билан ҳамкорлик қилишимиз керак”, - деди Эрон Ташқи ишлар вазири Камол Харрозий.

Айни пайтда, Эрон ва АҚШ муносабатларида кескинлик сақланиб қолмоқда. Чоршанба куни Эрон разведка хизмати бошлиғи Американи мамлакат ядровий иншоотлари тўғрисида маълумот йиғиш мақсадида мамлакат ҳаво кенглигида одамсиз бошқариладиган разведка самолёти учирганликда айблади.

Шунингдек, 16 феврал куни Эрон жанубидаги Дейлам шаҳридаги ядровий комплексдан тахминан 160 км нарида портлаш содир бўлди. Бу воқеа АҚШ ва Исроил Эроннинг ядровий объектларига ҳарбий зарба бериши мумкин, деган тахминларни кучайтирди. Аммо Эрон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Жаҳонбахши Ханжани бундай гаплар асоссиз эканини таъкидлади.

АҚШ ва Исроил расмийлари эса Эронда юз берган портлаш учун бу икки давлат алоқадор эмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG